Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Алматидаги музокаралар, Европага экспорт, халқ бирлиги

Бу ҳафта жаҳон оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон ҳақида кўплаб материаллар чоп этилди. Хусусан, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Алматидаги музокаралар кўплаб оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Шунингдек, сув тошқинларидан кейин Қозоғистон халқининг бирдамлиги, кунгабоқар ёғининг Европага экспорт қилиниши, Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги тавсиялари ҳақида ҳам ёзган. Хорижий нашрларда мамлакатга оид яна қандай янгиликлар ёзгани ҳақида Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Озарбайжон ва Арманистон
Фото: Александр Павский / Kazinform

Trend: Алматида Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бошланди

Алматида Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бошлангани ҳақида Trend агентлиги ёзди.

Бундан ташқари, агентлик Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов Қозоғистонга амалий ташрифи доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу билан учрашгани ҳақида хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, жума куни Trend агентлигининг хабар беришича, учрашув чоғида Озарбайжон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик муносабатлар доирасидаги масалалар, тангликка ечим топилгандан кейин минтақадаги вазият ва тинчлик жараёнининг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинган.

Report.az: Арманистон тинчлик шартномасини имзолаш ниятида

Бундан ташқари, Озарбайжон Report.az нашри Sputnik Қозоғистонга таяниб, Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзояннинг баёнотини эълон қилди.

-Биз музокаралар жараёнида конструктив иштирок этмоқдамиз, — дея Арарат Мирзоян сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.

Мирзоян фикрича, томонлар нафақат тинчлик битимини имзолаши, балки минтақадаги транспорт инфратузилмасини ҳам жонлантириши керак.

The Times of Central Asia: Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ЕОИИ иқтисодий интеграциясини қўллаб-қувватлайди

8 май куни Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Евроосиё иқтисодий иттифоқи бошқарув органи бўлмиш Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида йиғилишди. Бу ҳақда The Times of Central Asia хабар берди.

Нашр асосий эътиборни Қозоғистон президенти Тоқаевнинг нутқига қаратган. Давлат раҳбари қисқа вақт ичида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшганини таъкидлади.

-Ўн йилликнинг макроиқтисодий якунлари иттифоқимиз танлаган тараққиёт йўналиши тўғри эканини кўрсатди. Қозоғистоннинг иттифоққа аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 1,7 баробарга ошиб, 28,5 миллиард долларга етди, - дея Қ. Тоқаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда The Times of Central Asia.

Шунингдек, нашрнинг ёзишича, Қозоғистон Президенти ЕОИИнинг жадал ривожланаётган Осиё, Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлигининг катта салоҳиятини таъкидлаб, ЕОИИга аъзо давлатларни Форс кўрфази бозорига кириш учун халқаро транспорт йўлаги ташкил этиш бўйича Ашхобод келишувига қўшилишга таклиф қилган.

Daryo: Қозоғистон Европа Иттифоқига кунгабоқар кунжараси экспортини 2 баробардан зиёдга оширди

2023 йилнинг июлидан 2024 йилнинг февралигача бўлган даврда Қозоғистондан Европа Иттифоқига кунгабоқар кунжараси экспорти 2,3 баробарга ўсди ва тахминан 54,4 минг тоннани ташкил этди. Қозоғистон кунгабоқар кунжараси етказиб берувчилар орасида Украина, Аргентина, Россия ва Молдовадан кейин бешинчи ўринда туради. Бу ҳақда Kazinform агентлигига таяниб, Ўзбекистоннинг Daryo нашри хабар берди.

Дания 29350 тонна сотиб олди ва Қозоғистондан кунгабоқар кунжарасининг асосий импортчиси ҳисобланади. Кейинги ўринда Швеция 15,6 минг тонна, Финляндия, Латвия, Эстония, Германия ва Литва мос равишда 2500 тонна, 2410 тонна, 1950 тонна, 1570 тонна ва 1000 тонна импорт қилган, деб ёзади Daryo.

TASS: Қозоғистонда сув тошқинларидан кейин нефть қазиб олиш қайта тикланди

Қозоғистонда катта сув тошқинларидан кейин нефть қазиб олиш нормал ҳолатга қайтди. Бу ҳақда журналистларга Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев маълум қилди, дея хабар беради TASS.

-Нефть қазиб олиш бироз қисқарди, 500 га яқин скважинани сув босди, аммо ҳозир сув чиқарилмоқда, олдиндан кўрилган деярли барча чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатди, - деди Сатқалиев Қозоғистондаги сув тошқинлари нефть қазиб олишга қандай таъсир қилгани ҳақидаги TASS мухбирининг саволига жавобан.

Бундан ташқари, нашрнинг ёзишича, вазир ҳозирда мамлакатда сув босган нефть скважиналари йўқлигини айтди.

Еureporter: Қозоғистонликлар сув тошқинларига қарши курашда бирлашди

Март ойи охирида Қозоғистонда ҳалокатли сув тошқинлари содир бўлди. Мамлакатнинг ўн етти вилоятидан ўнтаси сув остида қолган. Ўшандан бери 119 мингдан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетган ва бу Қозоғистондаги саксон йил ичидаги энг даҳшатли офатлардан бирига айланди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев сув тошқинларининг оғир оқибатларига қарамай, Қозоғистон халқи оғир кунларда ҳамжиҳатлик кўрсатганини таъкидлади. Бу ҳақда Еureporter хабар берди. Нашр қозоғистонликлар фавқулодда вазиятга қарши сафарбарликда иштирок этгани ҳақидаги материалга таянган.

Сув тошқинлари бошланганидан бери Қозоғистон халқи Ассамблеяси фаол ва уйғун ишламоқда. Бунга бутун мамлакат гувоҳ. Халққа ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш учун зудлик билан Ассамблеянинг республика ва вилоят штаблари ташкил этилди, — дея Давлат раҳбарининг Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 33-сессиясидаги нутқидан иқтибос келтиради нашр.

Шунингдек, нашрга кўра, “Юракдан юракка” кенг кўламли акцияси ўтказилмоқда. Табиий офат ҳудудларига 1500 тоннадан ортиқ озиқ-овқат ва зарур товарлар жўнатилди. Унинг умумий миқдори тахминан 770 миллион тенгени ташкил этди. Сув тошқинларига қарши курашга 12 мингга яқин этномаданий бирлашма вакиллари қўшилди.

-Кўнгиллилар ушбу оғир дамларда жабрланган ҳудудларга ёрдам бериш ва жамиятни қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнади. Уларнинг фидокорона ҳаракатлари ва муҳтожларга ёрдам беришга интилиши сув тошқинларидан жабрланганлар томонидан юқори баҳоланди, деб ёзади нашр Astana Timesга таяниб, Миллий кўнгиллилар тармоғи ижрочи директори Татяна Миронюкнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.

Сўнгги хабарлар