Қозоғистон жаҳонда бензин энг арзон бўлган мамлакатлар қаторига киради

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон жаҳонда бензин энг арзон бўлган мамлакатлар ўн бешталигига киради, деб хабар беради Kazinform мухбири ranking.kz сайтига таяниб.

Қозоғистон жаҳонда бензин энг арзон бўлган мамлакатлар қаторига киради

13 апрел ҳолатига кўра дунёда 1 литр АИ-95 маркали бензиннинг ўртача нархи 0,95 АҚШ доллари ёки 404,5 тангани ташкил қилади. Энг арзон бензин – Венесуэлада. Бу мамлакатда АИ-95 маркали бензиннинг бир литри 1 тангадан ҳам арзон.

Эрон (0,09 АҚШ доллари ёки 39,2 танга) ва Суданда (0,14 АҚШ доллари ёки 59,6 танга) бензин нархи энг паст бўлган мамлакатлар учталигига киради. ТОП-5 қаторида Ангола (0,28 АҚШ доллари ёки 121,4 танга) ва Малайзия (0,29 доллар ёки 123,7 танга) ҳам бор.

Қозоғистон айни дамда бензин энг нархи арзон мамлакатлар ичида 11-ўринда турибди. 13 апрелдан бошлаб мамлакатда 1 литр ушбу маркали бензиннинг ўртача нархи 0,41 АҚШ доллари ёки 174 тангани ташкил қилмоқда. Бу – МДҲ мамлакатлари орасида энг паст нархдир. Масалан, АИ-95 маркали бензиннинг бир литри ўрта ҳисобда Россияда 265,8 тангага, Туркманистонда 183,4 тангага, Озарбайжонда 201,4 тангага ва Қирғизистонда 230,2 тангага сотилади.

2020 йил март ойида Қозоғистонда АИ-92 маркали бензиннинг ўртача чакана нархи бир литри учун 155,02 танга бўлиб, йил давомида 4 фоизга ва олдинги ойга нисбатан 0,5 фоизга ўсди.

Ушбу маркали бензиннинг энг қиммат нархлари Нур-Султан (160 танга), Кўкшетау (158 танга) ва Ўскемен (158 танга)да қайд этилган. Қозоғистонда АИ-95 ва АИ-96 маркали бензиннинг ўртача чакана нархи йил давомида 2,7%га - 173,79 тангагача ва жорий йилнинг феврал ойига нисбатан 0,1%га ошган.

Ёзги дизел ёқилғиси 0,1 фоизга арзонлашиб, бир литри нархи 192,63 тангани ташкил қилди. Энг қиммат дизел Кўкшетау (198 тг), Қостанай (197) ва Атирау (196) шаҳарларида қайд этилган.


Муаллиф: Марлан Жиембай