Қозоғистон йўл ҳаракати бўйича мамлакатлар рейтингида 46-ўринни эгаллади
ASTANA. Kazinform - Жорий йилнинг биринчи ярмида йўл ҳаракати бўйича мамлакатлар рейтингида Қозоғистон дунёдаги 87 та давлат орасида 46-ўринни эгаллади, деб хабар беради Kazinform Energypromга таяниб.
Мамлакат индекси 135,8 ни ташкил этди. Бир йил аввал Қозоғистон 136,7 индекс билан дунёда 85та давлат орасида 44-ўринни эгаллаган эди.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида ҳар бир Қозоғистон фуқароси бир томонлама йўлга 35,6 дақиқа вақт сарфлаган, CО2 чиқиндилари эса деярли 2 килограммни ташкил этган. Мамлакат транспорт тизимининг самарасизлиги индекси 144,2 балл билан баҳоланди.
Йўл ҳаракати индексидаги энг ёмон давлатлар Нигерия, Коста-Рика ва Бангладеш, энг яхшилари Эстония, Австрия ва Финляндия бўлди. МДҲ мамлакатлари орасида Россия, Озарбайжон ва Украина Қозоғистондан юқорида, пастда эса Беларусь ва Арманистон жойлашган.
Агар шаҳарлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Қозоғистонда фақат Алмати учун алоҳида маълумотлар мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, жанубий пойтахтнинг транспорт индекси 156,7 ни ташкил этди. Алматида 2024 йилнинг биринчи ярмида одамлар бир йўналишда йўлга ўртача 39,7 дақиқа вақт сарфлаган ва бу вақт ичида 2,1 кг CО2 ажралиб чиққан. Самарасизлик индекси 176,6 баллни ташкил этди. Алмати 200 та шаҳар орасида 85-ўринни эгаллади.
Энг ёмон аҳвол Лагос (Нигерия), Лос-Анжелес (АҚШ) ва Коломбо (Шри-Ланка), энг яхшилари - Вена (Австрия), Хельсинки (Финляндия) ва Нови-Сад (Сербия)да кузатилди.
МДҲ давлатлари шаҳарлари орасида Алмати Москва, Санкт-Петербург, Киев ва Новосибирскдан кейин бешинчи ўринда, энг ёмони Нижний Новгород, Ереван ва Львов бўлди.