Қозоғистон янги тўқимачилик корхоналари учун сармоявий харажатларни қоплашни режалаштирмоқда

Ҳукумат
Фото: Рустем Айтхожин/Kazinform

Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов мамлакатнинг ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Унга кўра, жорий йилда Қозоғистонда озиқ-овқат саноати, қурилиш саноати, машинасозлик, металлургия ва бошқа соҳаларда 170 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Вазирлар Кабинети раҳбари таъкидлаганидек, бу 12,5 мингга яқин доимий иш ўрни яратиш имконини беради.

– Ҳозир Президент топшириғига кўра, қатор устувор йўналишларда юқори қўшимча қийматга эга кластерлар яратиш бўйича энг йирик лойиҳалар рўйхати тайёрланмоқда. Масалан, нефть, газ ва кўмир кимёси, металлни чуқур қайта ишлаш, уран саноати, машинасозлик, автомобиль бутловчи қисмлари, ўғитлар ишлаб чиқариш ва бошқалар. Бу иш ички ресурслардан максимал даражада фойдаланиш, шунингдек, оффтейкшартномалари имкониятларини таъминлайди, - дея қўшимча қилди Ҳукумат йиғилишида Алихан Смаилов.

Бутадиен ва полиэтилен ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга ошириш босқичида эканини таъкидлади. Нефть ва газ инжинирингини ривожлантириш халқаро марказида халқаро компаниялар ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш ва технологиялар трансфери бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, газ детекторлари, насослар ва босим датчиклари ишлаб чиқариш бўйича бир қатор янги лойиҳалар аллақачон жорий этилган.

Ҳарбий-саноат комплекси йўналишида ҳам замонавий технологияларни маҳаллийлаштириш ва трансферининг юқори улуши таъминланади. Мамлакат корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун йил охиригача Мудофаа-саноат комплексини ривожлантириш жамғармаси махсус ташкил этилади.

Машинасозлик саноатини ривожлантиришнинг Комплекс режаси лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Бундан ташқари, жорий йилда енгил саноатни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” янгиланади. Унда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишда инвестиция харажатларини қоплаш, давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар назарда тутилади.

– Умуман олганда, ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришнинг барча асосий йўналишлари ва вазифалари белгилаб олинди. Энди уларнинг фаол ижросини таъминлаш зарур, — деди Бош вазир.

Ташқи ишлар ва Саноат вазирликларига вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда соҳага сармоя жалб этиш ишларини фаоллаштириш бўйича топшириқлар берди. Саноат вазирлиги ва вилоятлар ҳокимликлари жорий йилда режалаштирилган барча лойиҳаларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш чораларини кўришлари зарур. Саноат ва Энергетика вазирликларига йирик лойиҳаларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ва ресурс захиралари билан устувор таъминлаш механизмини ишлаб чиқиш топширилди. Саноат вазирлиги ва манфаатдор давлат органлари корхоналарда инновацион технологияларни жорий этишни рағбатлантиришнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқиши ва саноат корхоналарининг асосий фондларини янгилаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиши керак.

Муаллиф: Анеля Қасимова

Сўнгги хабарлар
telegram