Қозоғистон янги Афғонистон «Толибон» режимининг дипломатларини қабул қилади

None
ASTANA. Кazinform - Афғонистоннинг янги маъмурияти («Толибон» – Қозоғистонда тақиқланган ташкилот) сўровига жавобан Қозоғистон дипломатларни аккредитация қилиш бўйича ижобий қарор қабул қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров брифингда маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Афғонистон янги маъмуриятининг дипломатларни аккредитация қилиш бўйича сўровига жавобан биз ижобий қарор қабул қилдик. Мен вазиятга ойдинлик киритмоқчиман. 2021 йил августида аввалги тузум қулаши билан ҳокимият вакууми вужудга келди. Афғонистон Ислом Республикасининг хориждаги элчихоналари ушбу давлат номидан вакиллик фаолиятини тўхтатди. Вазият мураккаб, аммо ноёб эмас, тарих бир қатор давлатларда ҳокимият алмашганига оид кўплаб мисолларни билади, бу эса янги ҳокимиятнинг қонунийлиги масаласини кўтаради», — деди Айбек Смадияров.

ТИВ расмий вакили, шунингдек, афғон муаммоси ҳамон халқаро ҳамжамият муҳокамаси марказида эканини қўшимча қилди.

«Шундай қилиб, кеча Самарқанд шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатларнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Биз бирлашган, фаровон Афғонистон тарафдоримиз. Мамлакат ўз тарихининг яна бир мураккаб босқичини бошдан кечирмоқда. Афғонистоннинг янги маъмурияти вакилларининг келиши тан олишни англатмайди, бу БМТнинг ваколати бўлиб қолади», - деди Айбек Смадияров.

Шу билан бирга, у шундай миссиялар қатор давлатлар – Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Хитой, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Покистонда ҳам фаолият юритаётганини эслатди.

Муаллиф: Серик Сабеков


Сўнгги хабарлар
telegram