18:19, 19 Октябрь 2022 | GMT +5
Қозоғистон вилоятларининг даромадлари 2025 йилда 6,1 триллион тенгегача ошади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда Парламент Мажлисининг ялпи мажлисида «Республика ва вилоятлар бюджетлари, республика аҳамиятига молик шаҳарлар, пойтахт бюджетлари ўртасидаги 2023-2025 йилларга мўлжалланган умумий трансфертлар ҳажми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси маъқулланди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Мазкур қонун лойиҳаси маъмурий-ҳудудий тузилма ва учта янги ҳудудни қайта қуриш шароитида ишлаб чиқилган.
«Ёндошувнинг биринчи йўналиши ҳудудларнинг автономияларини янада оширишга қаратилган. Ўтган йили Ҳукумат томонидан маҳаллий бюджетлар даромадларини прогнозлаш услубиятини такомиллаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Парламент аъзолари ва Ҳисоб қўмитасининг тавсияларига асосан ҳудудларнинг солиқ салоҳияти инобатга олинди. Бундан ташқари, Ҳукумат томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектларидан юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ижобий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ушбу уч йиллик даврда маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш амалиёти давом эттирилди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида бюджет ходимларининг иш ҳақининг ўртача 25 фоизга оширилиши кўзда тутилган»
, - деди Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров.
Унга кўра, прогнозга кўра, ҳудудлар даромадлари 2022 йилдаги 4,7 триллион тенгедан 2025 йилда 6,1 триллион тенгега ошади.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов