Қозоғистон вакили Осиё теннис федерацияси директорлар кенгаши аъзоси этиб сайланди
Қозоғистон теннис федерацияси вице-президенти Юрий Польский Осиё теннис федерацияси (AТF) директорлар кенгаши аъзоси этиб сайланди.
17 нафар номзодлар орасида қозоғистонлик кўп овоз билан кенгашга сайланди.
Шундай қилиб айтиш мумкинки, яқин 2 йил ичида Қозоғистон вакили Осиё теннис федерацияси бошқарув органида ўтиради.
Бу Қозоғистон теннис федерациясининг нуфузи ва халқаро миқёсдаги юксак савиясининг яна бир далилидир.
«Яқинда AТF йиғилиши бўлиб ўтди. Жорий йил якунлари ва 2022 йилда Осиёда теннисни ривожлантириш режалари муҳокама қилинди. Осиёлик спортчиларнинг натижалари қайд этилди. Қайд этиш керакки, қозоғистонлик теннисчилар доимо юқори ўринларни эгаллаб келишади. Хусусан, эркаклар ўртасидаги рейтингда Осиёнинг биринчи ракеткаси Aлександр Бублик, аёллар ўртасидаги рейтингда Елена Рибакина иккинчи, Юлия Путинцева учинчи поғонани эгаллаб турибди. Е. Рибакина Токио Олимпиадасида ҳам яхши иштирок этиб, медаллар учун курашда тўртинчи ўринни эгаллади. Келгуси йилда Осиёда янада фаол ҳамкорлик қилиш зарурати муҳокама қилинди. Қозоғистон теннис федерациясига федерация президенти Болат Утемуратов томонидан молиялаштирилаётган 12 ёшгача бўлганлар – жамоавий минтақавий мусобақалар лойиҳаси учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди. Шунингдек, жорий йилнинг 22—28 ноябр кунлари Нур-Султан шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган 12 ёшгача бўлган теннисчилар ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичи ҳам бўлиб ўтади. Фаолиятимизда болалар ва ўсмирлар теннисини ривожлантиришга катта эътибор қаратамиз. Осиё қитъаси энг тез ривожланаётган қитъалардан бири, бизда катта салоҳият бор», - деди Ю. Польский.
Эслатиб ўтамиз, Осиё теннис федерацияси Халқаро теннис федерациясига қарашли нотижорат ташкилот ҳисобланади.
AТF Осиё миллий теннис ассоциацияларининг континентал органи ҳисобланади. Aсосий вазифалар Осиё теннисининг сифат стандартларини ривожлантириш ва яхшилашдан иборат.