Қозоғистон ва Жанубий Корея 1,5 млрд долларлик 5 та янги инвестиция лойиҳасини фаол ривожлантирмоқда
ҚР Бош вазири Алихан Смаилов ва Жанубий Корея савдо вазири Ан Док Гин янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди, дея хабар беради Kazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб.

Учрашувда Бош вазир Қозоғистон Республикаси Ҳукумати Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришда катта истиқболларни кўришини таъкидлади. Хусусан, товар айирбошлашнинг жадал ўсиб бораётгани бунинг далилидир: ўтган йили у 2,3 баробар ошиб, 6,1 миллиард доллардан ошди, жорий йилнинг 8 ойида эса 11 фоизга ўсди.
“Ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш бўйича биргаликда ҳаракат қилиш керак, деб ҳисоблайман. Бу ерда муҳим восита - Қозоғистон-Корея савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси. Унинг фаолиятини жонлантириб, келгусида яна бир йиғилиш ўтказиш зарур, деб ўйлайман”, – дейди Алихан Смаилов.
Шунингдек, у Жанубий Корея мамлакат иқтисодиётига сармоя киритган энг йирик 10 та давлат қаторига киришини таъкидлади. Хусусан, сўнгги 18 йил давомида Қозоғистонга қарийб 9,2 миллиард доллар сармоя киритилди. Ўтган йили эса Кореядан киритилган тўғридан-тўғри инвестицияларнинг умумий ҳажми 85 фоизга ошди ва янги рекорд — 1,5 миллиард долларга етди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатда Кореянинг 700 дан ортиқ корхоналари фаолият юритмоқда, улар KIA, Hyundai, Samsung ва LG каби йирик компаниялар.
“Бугунги кунда умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган 5 та лойиҳа амалга оширилишга тайёр, умумий қиймати қарийб 500 миллион доллар бўлган яна 25 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Бунга яққол мисол сифатида, Қостанайда йилига 70 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга, 190 миллион долларлик сармояга эга янги йирик KIA заводи барпо этилмоқда”, – деди Алихан Смаилов.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Ҳукумати келгусида инвесторларнинг мамлакатда қулай ишлаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратади.
Ўз навбатида, Ан Док Гин Жанубий Корея Қозоғистон билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаол технологик ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.
“Қозоғистондаги KIA заводи каби лойиҳалар жуда муҳим. Агар у муваффақиятли амалга оширилса, Қозоғистон автомобиль саноати намуна бўлади. Бу бошқа ана шундай завод ва саноат тармоқларини қуришга хизмат қилади”, - деди Жанубий Корея савдо вазири.