Қозоғистон ва Ўзбекистон саноат соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Томонлар Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2022 йил декабрда Тошкент шаҳрига давлат ташрифи якунлари бўйича берилган топшириқлар ижросини муҳокама қилди.
Товар айланмасини янада ошириш бўйича истиқболли вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, томонлар савдо нуқталарининг юк ташиш ҳажмини сезиларли даражада оширишга тайёрлигига эътибор қаратди.
Бундан ташқари, саноат кооперацияси халқаро марказини ишга туширишга тайёргарлик кўрилиб, унинг саноатни ривожлантиришдаги истиқболли роли қайд этилди. Автомобилсозликда, хусусан, пўлат, алюминий, шиша, полимер, чармдан бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш жараёнларини маҳаллийлаштиришни биргаликда ривожлантириш бўйича юқори салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Томонлар минтақалараро ҳамкорликнинг навбатдаги форумини ўтказиш шартлари юзасидан фикр алмашиб, икки давлат ҳудудида саноат ва савдо бизнес-форумларини ташкил этишга келишиб олди.