Қозоғистон ва Вьетнам ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда — Президент
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон ва Вьетнам ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада мамлакатда давлат ташрифи билан бўлиб турган Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби То Лам билан олий даражадаги музокаралар чоғида айтиб ўтди.

Қозоғистон Президенти, аввало, давлат ташрифи билан мамлакатга келган мартабали меҳмонга миннатдорчилик билдирди.
— Мен буни Қозоғистон-Вьетнам ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ниятининг ёрқин ифодаси деб биламан. Вьетнам Қозоғистоннинг Осиёдаги ишончли ҳамкоридир. Мамлакатларимизни ривожлантиришнинг мақсад ва вазифалари бир хил. Биз Вьетнамнинг 2040 йилга бориб дунёнинг 25 та ривожланган иқтисодиёти қаторига киришига интилаётганини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Биз кучларимизни сафарбар қилишга ва биргаликда ҳаракат қилишга тайёрмиз, — деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Вьетнам ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик бугунги кунда жадал ривожланиб бораётганига эътибор қаратди.
— Қисқа вақт ичида бир қанча йирик лойиҳаларни амалга оширдик. Келгусида ўзаро манфаатли алоқаларимизни кенгайтириш учун барча асослар мавжуд. Сизнинг тарихий ташрифингиз ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар Қозоғистон-Вьетнам муносабатларини янада мустаҳкамлашга янги суръат бағишлайди, — деди Президент.
Аввалроқ Вьетнам Бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Буй Тхань Шон Кazinform агентлигига эксклюзив интервью бериб, Қозоғистон-Вьетнам муносабатларининг аҳволи ҳақида батафсил тўхталиб ўтган эди.
Шунингдек, сўнгги 30 йил ичида икки давлат ўртасидаги алоқалар қандай мустаҳкамланди? Кazinform таҳлилчиси ушбу мавзуни таҳлил қилди.