Қозоғистон ва Вьетнам ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилади
«23 август куни ҚР ИИРВ Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси Талғат Ластаев Вьетнам Социалистик Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фам Тхай Ньи Май ва «Vietjet Air» компанияси вакили Нгуен Чи Там билан учрашди. Учрашувда Вьетнам томони Қозоғистонга мунтазам йўловчи қатновларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Жорий йилнинг 10 октябр куни «Vitjet Air» авиакомпаниясининг Камран – Алмати йўналиши бўйича биринчи рейсини очиш режалаштирилган. Бундан ташқари, авиакомпания Камран шаҳридан Нур-Султан шаҳрига рейсларни очишни режалаштирмоқда. Парвозлар Аirbus А-330 типидаги ҳаво кемаларида ҳафтасига 2-3 марта амалга оширилади.
Агентлик маълумотларига кўра, айни пайтда «Vietjet Air» авиакомпанияси Қозоғистон ҳудудида хорижий авиаташувчи сифатида аккредитациядан ўтишга тайёрланмоқда. Томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, туризм ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун тўғридан-тўғри ҳаво қатнови муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунларига кўра, томонлар Қозоғистон ва Вьетнам ўртасидаги тўғридан-тўғри мунтазам ҳаво қатновини янгилаш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.