Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 44,4 млрд долларни ташкил этди

Казахстан и Узбекистан
Фото: Мухтар Холдорбеков/Kazinform

ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида доимий равишда учинчи ўринда туради. Бу ҳақда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов Астана шаҳрида бўлиб ўтаёган Қозоғистон-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

“Қозоғистон бугунги кунда Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида Хитой ва Россиядан кейин доимий равишда учинчи ўринда турибди. 2023 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 44,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди”, - деди Бейбут Атамқулов.

Элчи, шунингдек, қозоғистонликларнинг Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросига қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди.

“Бугунги кунда Қозоғистон Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони бўйича етакчи беш давлатдан бири ҳисобланади. Бу, биринчи навбатда, қозоғистонликларнинг Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлиги ҳам юқори даражада. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 1043 та компания муваффақиятли фаолият юритиб келади. Яратилган қўшма корхоналар сони бўйича Қозоғистон ҳам Ўзбекистоннинг ҳамкор давлатлари учлигига киради. Бу рақамлар мамлакатларимизнинг бизнес соҳасидаги яқин ҳамкорлигини тасдиқлайди”, - деди элчи.

Элчихона маълумотларига кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга экспорт қилинадиган асосий маҳсулотлар буғдой, ун, ўсимлик ёғи, йирик ва майда шоҳли қорамоллар гўшти, картошка, арпа ва бошқалардир.

Ўзбекистондан Қозоғистонга импорт қилинадиган асосий товарлар мева ва мева-сабзавот маҳсулотлари, пиёз, саримсоқ ва бошқалардир.

Муаллиф: Серик Сабеков

Сўнгги хабарлар
telegram