Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард доллардан ошди

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 193 та давлати билан савдо алоқаларини олиб бормоқда.
Жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 57,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,2 фоизга кўпдир. Улардан экспорт 23,2 миллиард долларни (ўсиш 30,6 фоиз), импорт эса 34,1 миллиард долларни (ўсиш 23,3 фоиз) ташкил этди.
Хитой ҳамон мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорлари орасида етакчилик қилмоқда. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,2 миллиард долларни (умумий ҳажмнинг 21,3 фоизини) ташкил этади.
Иккинчи ўринни Россия эгаллади. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан савдо айланмаси 8,8 миллиард долларга етди (умумий ҳажмнинг 15,5 фоизи).
Шу билан бирга, Қозоғистон энг кўп товар айланмасига эга давлатлар учлигига якун ясади. Яъни, Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард доллардан ошди (умумий ҳажмнинг 7 фоизи).
Муаллиф: Алихан Асқар