Қозоғистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тузилди
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тузилди. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратдик. Ёшларни яқинлаштирадиган муҳим ташаббусларни муҳокама қилдик. Ҳар йили икки давлат ёшлари қурултойини ўтказиш анъанага айланган. Ҳозирда Қозоғистонда 6 мингга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олади. Ўзбекистон олий ўқув юртларида қозоқ ёшлари ҳам таҳсил олади. Бугун Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳрида М.Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг филиали очилди. Алмати шаҳрида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти филиали иш бошлади. Ҳозиргина ушбу таълим муассасаларини тантанали равишда очдик. Буларнинг барчаси икки қардош халқнинг умумий манфаатлари йўлида амалга оширилмоқда”, - деди Президент.
Шунингдек, Давлат раҳбари минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш юзасидан фикр алмашганини алоҳида таъкидлади.
“Долзарб халқаро муаммолар бўйича позицияларимиз ўхшаш. Ҳар икки томон минтақада ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Эртага Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги 6-маслаҳат учрашувида иштирок этамиз. Бугун биз халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича позицияларимизни мувофиқлаштириш учун Ташқи ишлар вазирлари кенгашини туздик. Бу қадам, шубҳасиз, икки давлатни яқинлаштиради”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Муаллиф: Марлан Жиембай