Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари қўшма лойиҳаларни молиялаштириш жамғармасини ташкил этиш масаласини ишлаб чиқдилар
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ва Ўзбекистон қўшма лойиҳаларни молиялаштириш жамғармасини ташкил этиш масаласини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ақордада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
“Кеча Астана шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форум ва Ишбилармонлар кенгаши якунида умумий қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ бўлган қатор шартнома ва келишувлар имзоланди. Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини тубдан оширишга қаратилган комплекс дастур қабул қилинади”, – деди Ўзбекистон Президенти.
Муҳтарам меҳмон янги сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган “Марказий Осиё саноат кооперацияси” халқаро маркази қурилишини жадаллаштиришга қарор қилинганини таъкидлади.
“Шунингдек, биз устувор йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон-Қозоғистон жамғармасини ташкил этиш масаласини ишлаб чиқдик. Музокараларимизнинг муҳим, стратегик йўналиши транспорт ва логистика соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш бўлди”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида бир қатор ҳужжатлар имзоланган эди.