Қозоғистон ва Ўзбекистон хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар
ASTANА. Кazinform — Чимкентда Қозоғистон ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгашларининг саккизинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Учрашувга Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши Раиси ўринбосари Аида Балаева ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов раислик қилди.
Манфаатдор давлат органлари вакиллари иштирок этган музокараларда хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
— Томонлар халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш, ёшларнинг радикаллашувининг олдини олиш масалаларини муҳокама қилишди. Бундан ташқари, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, ноқонуний миграция ва кибержиноятчиликка қарши курашга эътибор қаратилди. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ янги таҳдидлар ҳам ҳар томонлама кўриб чиқилди, — дейилади хабарда.
Сув ва экологик хавфсизлик, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масалалари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Шу муносабат билан, Қозоғистон Президентининг БМТ тизимида Халқаро сув ташкилотини, шунингдек, Иқлим ва техноген фавқулодда вазиятларни башорат қилиш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш ташаббусларининг аҳамияти таъкидланди.
Саккизинчи маслаҳатлашув учрашуви натижаларига кўра, Аида Балаева ва Виктор Маҳмудов тегишли протоколни имзоладилар. Шунингдек, улар уни тизимли равишда амалга оширишни таъминлаш учун қўшма экспертлар гуруҳини тузишга келишиб олдилар.
Хавфсизлик кенгашлари ходимларининг маслаҳатлашувлари қабул қилинган ҳамкорлик режасига мувофиқ мунтазам равишда ўтказилади.
Тадбир доирасида делегациялар раҳбарлари А. Асқаров номидаги Дендропаркда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш рамзи сифатида дарахтлар экдилар.