Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасини шахсий гувоҳнома билан кесиб ўтиш тартиби жорий этилади
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон Қозоғистон ва Тожикистон чегарасини ID-карта билан кесиб ўтиш тартибини жорий қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдидаги нутқида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.
“Ҳозирда фуқароларимиз ID-карта (шахсни тасдиқловчи ҳужжат) билан Қирғизистонга бемалол ташриф буюриши мумкин. Энди Қозоғистон ва Тожикистон билан чегараларда ҳам шундай тартиб жорий этилиши режалаштирилмоқда”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши бўлиб қолади.
“Келгуси йилда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё бешлиги” йиғилиши бу алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида катта қадам бўлади”, – деди Ўзбекистон Президенти.