Қозоғистон ва Туркия ўртасида божхона назорати тартиблари енгиллаштирилади

None
ASTANА. Каzinform – Бугун Сенатнинг ялпи мажлисида «Қозоғистон Ҳукумати ва Туркия Ҳукумати ўртасида ахборот алмашинувини ташкил этиш ва божхона назорати тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун маъқулланди, деб хабар беради Каzinform мухбири.

Битим 2022 йил 10 май куни Давлат раҳбарининг Анқарага ташрифи чоғида имзоланган.

«Туркия Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади, яъни Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларни ҳисобга олмаганда, савдо алоқалари бўйича 3-ўринда туради. Битимни ратификация қилиш икки давлат ўртасида олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда алмашиш орқали божхона назорати самарадорлигини ошириш ва уни амалга ошириш муддатини қисқартиришга қаратилган. Бу борада божхона назорати тартиб-таомилларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий савдо билан шуғулланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш эътиборга олинмоқда»

, - деди сенатор Бекболат Оринбеков.

Кўриб чиқилаётган қонун қоидаларига мувофиқ, назорат-ўтказиш пунктларида чегарани кесиб ўтишнинг устувор тартиби амалга оширилади. Божхона назоратини ўтказиш муддатларини қисқартириш мақсадида тегишли назорат чоралари соддалаштирилади. Шу билан бирга, савдо нуқталарида божхона кўригидан ўтиш тартиби соддалаштирилади.

«Бундан ташқари, узатилаётган маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида икки давлатнинг ваколатли органлари ахборот алмашинуви учун техник шартларни алоҳида ишлаб чиқади. Техник шартлар ишлаб чиқилиб, пилот лойиҳани амалга ошириш бошланади. Бу жараён якунлангач, икки давлат божхона органлари мунтазам равишда ахборот алмашишни бошлайди. Қонун Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган. Ҳужжатни қабул қилиш салбий ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келмайди. Битимни амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан молиявий харажатлар талаб этилмайди. Ушбу ҳужжат батафсил муҳокама қилинди. Сенатнинг доимий қўмиталари томонидан ҳеч қандай изоҳ ва тавсиялар келиб тушмади»

, - деди сенатор.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар
telegram