Қозоғистон ва Туркия бир-бирини қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди, деб хабар беради Ақорда.
Давлат раҳбари Туркия Президенти билан Бокуда учрашишдан мамнунлигини билдириб, бу йил Қозоғистон ва Туркия ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси тузилганига 30 йил тўлаётганини таъкидлади.
“Ҳозир ҳам қардошлик муносабатларимиз жадал ривожланмоқда. Сиёсий даражада конструктив мулоқот олиб борилмоқда. Ҳукуматларимизнинг интеграцияси кучаймоқда. Туркия Қозоғистоннинг беш йирик савдо ҳамкорларидан биридир. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларга етди”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шу билан бирга, Президент Туркия Қозоғистон иқтисодиётига катта миқдорда сармоя киритган асосий инвесторлардан бири эканлигига эътибор қаратди ва турк ишбилармонлари иштирокида амалга оширилаётган сармоявий лойиҳалар унинг шахсий назорати остида бўлишини маълум қилди.
Режеп Таййип Эрдоған Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар стратегик жиҳатдан ривожланиб бораётганини таъкидлаб, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада жонлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
“Азиз биродар, ишончим комилки, келаси йили Анқарада бўлиб ўтадиган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилишида қишлоқ хўжалиги, мудофаа, энергетика, транспорт-логистика, шунингдек, маданий-гуманитар соҳаларда муҳим келишувларга эришамиз. Қозоғистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 15 миллиард долларга етказишга интиламиз”, — деди Туркия Президенти.
Шу билан бирга, Режеп Таййип Эрдоған турк компаниялари Қозоғистон иқтисодиётининг турли соҳаларида муваффақиятли фаолият олиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, турк ишбилармонлари Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси салоҳиятини ривожлантириш, атом электр станцияларини қуриш, нефть ва газни ташиш соҳасида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.