Қозоғистон ва Тожикистон президентлари ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказдилар

Тоқаев ва Раҳмон
Фото: Ақорда

DUSHANBE. Кazinform - Қосим-Жомарт Тоқаев ва Эмомали Раҳмон икки томонлама музокаралардан сўнг ОАВ вакилларига қўшма баёнот берди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар беради.

Давлат раҳбари Президент Эмомали Раҳмонга меҳмондўстлиги учун самимий миннатдорчилик билдириб, қардош Тожикистонга давлат ташрифига катта аҳамият беришини таъкидлади.

– Мазкур ташриф ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорликка асосланган Қозоғистон-Тожикистон муносабатларини изчил мустаҳкамлашга янги суръат бағишлайди. Тожикистон бизнинг ишончли дўстимиз ва азалий иттифоқдошимиз. Иккала давлатни ҳам умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар боғлаб туради. Биз барча даражадаги яқин ва ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқотни йўлга қўйдик. Биргаликда саъй-ҳаракатлар билан биз чинакам дўстлик ва умид руҳида умумий келажак пойдеворини қўймоқдамиз, - деди Қозоғистон Президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда Қозоғистон ва Тожикистон ўртасидаги давлатлараро муносабатлар иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилган.

— Ҳозир муҳтарам Эмомали Шарипович билан Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома имзоладик. Бу икки томонлама ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиздан далолат берувчи тарихий ҳужжатдир. Бундан буён қардош халқлар ишонч билан айтишлари мумкинки, биз иттифоқчи давлатлармиз. Шу муносабат билан қардош Тожикистон давлати раҳбари Эмомали Шарипович Раҳмонга узоқни кўзлаган сиёсати, Қозоғистон-Тожикистон муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ўз миннатдорчилигимни билдираман, - деди давлат раҳбари.

Президент музокаралар чоғида икки томон ҳам қардош халқларни бир-бирига яқинлаштириш, Қозоғистон-Тожикистон муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга интилаётганини тасдиқлаганини айтди.

– Мамлакатларимиз ўртасида долзарб муаммолар йўқ. Биз буни катта мамнуният билан қайд этдик. Келгусида ўзаро манфаатли ва кенг қамровли шерикликни ошириш учун максимал куч сарфлашга келишиб олдик. Ўзаро товар айирбошлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ўртасидаги йиллик товар айирбошлаш ҳажми икки баробардан зиёд ўсиб, 1 миллиард доллардан ошди. Бу йилги олти ойлик натижалар яхши, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Сўнгги хабарлар
telegram