Қозоғистон ва Того президентлари кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Фор Эссозимна Гнассингбе икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақордага таяниб.
Қозоғистон Президенти Того делегациясининг Астанада икки дўст давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 10 йиллиги арафасида амалга оширилаётган ушбу ташрифи рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
“Бугунги музокаралар икки томонлама муносабатларнинг янги босқичини белгилаб беради ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизнинг истиқболли йўналишларини ўрганиш учун катта имконият яратади. Биз Того билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз ва мамлакатингизни Африкадаги муҳим ҳамкор деб биламиз”, – деди Давлат раҳбари.
Президент икки давлат ўртасидаги масофа узоқ бўлишига қарамай, уларни ўхшаш жиҳатлари кўп эканини, хусусан, кўп конфессияли ва кўп миллатли таркиби билан ажралиб туришини таъкидлади.
“Қозоғистонда 100 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Конфессиялараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Того ўртасидаги шериклик салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаяпти. Уни ривожлантириш учун икки томонлама ҳужжатларни, жумладан, сармояларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни имзолаш зарур.
Қозоғистон Президенти ўзаро савдони ривожлантириш ва ишбилармон гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, Қозоғистоннинг Тогодаги фахрий консули лавозимига муносиб номзодни аниқлашни таклиф қилди. Давлат раҳбарининг фикрича, бундай қадам икки мамлакат ўртасидаги В2В алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
“Мен Қозоғистон ва Того каби давлатлар бутун дунё бўйлаб халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда фаол ва конструктив рол ўйнашига ишонаман”, – деди Давлат раҳбари.
Того Республикаси Президенти Фор Эссозимна Гнассингбе Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 27-28 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлиши ҳақида аввалроқ ёзган эдик. Бугун Қозоғистон Республикаси Президенти Фор Эссозимна Гнассингбени Ақордада кутиб олди. Кейинроқ икки давлат раҳбарлари кичик гуруҳда музокара ўтказди.
Қозоғистон Президенти маслаҳатчиси – матбуот котиби Берик Уали ушбу ташрифнинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида гапирди.
Kazinform мухбири интернетда Того Республикаси ва унинг президенти тарихига оид маълумотларни кўриб чиқди.