Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги ҳамкорлик: давлат бошқарувидан тортиб ақлли шаҳарларгача

сотрудничество казахстана и сингапура
Коллаж: Kazinform/freepik.com

Қозоғистон ва Сингапур ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йилдан ошди. Икки мамлакат иқтисодиётнинг турли йўналишларида ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини ўрнатиш учун юқори салоҳиятга эга. ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Сингапурга давлат ташрифи бунинг далилидир. Ўтган йили Сингапур президенти Қозоғистонга илк бор ташриф буюрган эди. Қозоғистон Президенти бу юртга иккинчи бор ташриф буюрмоқда. Унинг биринчи расмий ташрифи 2022 йилда бўлиб ўтган. Ушбу икки кунлик ташриф доирасида Қасим-Жомарт Тоқаев давлат раҳбарлари билан учрашишдан ташқари Қозоғистон-Сингапур бизнес форумида ҳам иштирок этади.

Икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва Қасим-Жомарт Тоқаевнинг давлат ташрифи ҳақида Каzinform мухбири шарҳида ўқинг.

Дипломатик муносабатлар

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 30 мартда ўрнатилган. Қозоғистоннинг Сингапурдаги дипломатик ваколатхонаси 10 йилдан сўнг 2003 йил ноябрида очилган. Яна 5 йилдан сўнг – 2008 йил 11 декабрда у Қозоғистон элчихонаси сифатида қайта ташкил этилди. Йиллар давомида шериклар ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган мустаҳкам муносабатларни ўрнатдилар.

Сиёсий ҳамкорлик

Икки давлат ўртасидаги барқарор дўстона муносабатларнинг асосини олий даражадаги сиёсий мулоқот ташкил этади. 2023 йилнинг май ойида Сингапурнинг ўша пайтдаги президенти Ҳалима Якоб Қозоғистон ва Марказий Осиёга илк ташрифини амалга оширди ва Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашди. Бу Сингапур президентининг Қозоғистонга илк тарихий ташрифи эди.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Сингапур Президенти Ҳалима Якобга биринчи даражали «Достық» орденини топширди. Тақдирлаш маросимида Давлат раҳбари Сингапур Президентининг икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қўшган катта ҳиссасини таъкидлади. Ҳалима Якоб Қасим-Жомарт Тоқаевга кўрсатилган шараф учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишига ишонч билдирди.

Халима Якоб
Фото: Ақорда

Бу ташриф ҳар икки давлат учун жуда муҳим эди. Икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестисия муносабатлари

Бундан ташқари, ташриф доирасида Астана шаҳрида Президент Ҳалима Якоб иштирокида Қозоғистон-Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди. Икки мамлакат ишбилармонлари ва ваколатли давлат органларининг 200 дан ортиқ вакиллари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Худди шу учрашувда Ҳалима Якоб Қозоғистон Сингапурнинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкори эканлигини ва мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар бундан кейин ҳам мустаҳкамланишини таъкидлади.

“Бизнес-форум Қозоғистонда лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш истагида бўлган кўплаб бизнес раҳбарлари, жумладан, Сингапур компаниялари раҳбарларини жамлади. Ўсиб бораётган геосиёсий муаммоларни инобатга олган ҳолда, бу ҳар икки давлат иқтисодиётини диверсификация қилишга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Сингапур ҳамкорликни кенгайтириш учун доимо очиқ. Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган Қозоғистон улкан ресурслари билан давлатлар ва компаниялар учун жозибадор сармоявий мамлакатдир”, – деди Сингапурнинг ўша пайтдаги президенти.

Шу тариқа, Қозоғистон ва Сингапур вакиллари ўртасида савдо, сармоявий, логистика ва давлат хизматчилари малакасини ошириш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор икки томонлама шартнома ва меморандумлар ҳамда умумий қиймати 275 миллион доллар бўлган тижорат ҳужжатлари имзоланди.

Сингапур
Инфографика: Kazinform

Инвестиция масаласига келсак, икки томонлама сармоявий ҳамкорлик сезиларли ютуқларга эришмоқда. Бугунги кунда Қозоғистонда 140 дан ортиқ Сингапур компанияси ва қўшма корхонаси фаолият юритмоқда. 2010-2023 йилларда Сингапурдан Қозоғистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими 1,4 миллиард долларни ташкил этди. Бир қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Махсус лойиҳа – G4 City

Шундай лойиҳалардан бири G4 City. Сингапурнинг «Surbana Jurong» компанияси билан ҳамкорликда “Алатау” (G4 City) интеграциялашган шаҳрини қуриш лойиҳаси давом этмоқда. Янги шаҳарда 2,2 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилиши тахмин қилинмоқда.

G4 City
Фото: Ақорда

Алмати вилоятидаги интеграциялашган “Алатау” (G4 City) шаҳрини ривожлантириш концепциясига кўра, лойиҳа тўртта тематик йўналишдан иборат бўлади:

  • Gate District – бизнес ва молия маркази;
  • Golden District – таълим ва тиббиёт маркази;
  • Growing District – инновацион-индустриал ва савдо-логистика зоналари;
  • Green District – туристик кластер.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда муҳим икки томонлама ҳужжат – Қозоғистон ва Сингапур ўртасида хизматлар савдоси ва инвестициялар бўйича ҳукуматлараро битим имзоланган эди. Ҳужжат Сингапур президентининг давлат ташрифи доирасидаги муҳим воқеа бўлиб, тегишли қоидаларни енгиллаштириш ва бир-бирининг бозорларига киришдаги тўсиқларни камайтириш орқали икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган.

Айни пайтда Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг логистика коридорини ривожлантириш, Жануби-Шарқий Осиё билан ўзаро транспорт алоқаларини яхшилаш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда. Шунингдек, у «PSA International» ва унинг шўъба корхонаси «Global DTC» каби компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Умуман олганда, Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги транспорт, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик катта аҳамиятга эга. Томонлар иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик дастурларини илгари суриш масалаларини муҳокама қилишда давом этмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистон транзит салоҳиятини кенгайтириш ва Қозоғистон-Сингапур корхоналарининг ишлаб чиқариш саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, қурилиш ва молия соҳаларидаги лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тоқаевнинг ташрифи

“Давлат раҳбари Сингапур Республикаси Президенти Тарман Шанмугаратнамнинг таклифига биноан 23-24 май кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Ташриф доирасида Қасим-Жомарт Тоқаев Сингапур топ-менежменти, йирик халқаро компаниялар раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказади ҳамда Қозоғистон-Сингапур бизнес-форуми ишида иштирок этади”, – дейилади Ақорда матбуот хизмати хабарида.

Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама муносабатлар ривожланиб бораётганидан далолатдир. Буни мутахассислар ҳам қайд этишди. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти мутахассислари Давлат раҳбарининг ушбу ташрифи мамлакат учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.

“Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда. Ўтган йилги кўрсаткичларга кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,6 миллиард долларни ташкил этди. Қозоғистонда 143 та Сингапур корхонаси фаолият юритмоқда. Умуман олганда, бу ташриф Қозоғистон учун жуда фойдали. Чунки Сингапур технология ва молия соҳасида дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Уни логистика маркази деб аташ мумкин”, – деди ҚСТИ Осиё тадқиқотлари бўлими катта эксперти Бауржан Аукен.

Сўнгги хабарлар