Қозоғистон ва Саудия Арабистони ўртасида янги авиақатновлар кўпаяди

None
ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири Қайрбек Ўскенбаев Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра ишлари вазири Тауфиқ бин Фаузан бин Муҳаммад Ал-Рабиа бошчилигидаги делегация билан учрашди, дея хабар беради Кazinform.

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги ҳаво қатновини янада ошириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш юзасидан музокаралар олиб борилди. Вазир Қайрбек Ўскенбаев Қозоғистон ва Саудия Арабистони ўртасида авиация соҳасидаги ҳамкорлик кучайиб бораётгани ҳақида хабар берди.

«2015 йилдан буён маҳаллий «SCАТ» ва Саудия Арабистонининг «Fly Nas» авиакомпаниялари зиёратчилар учун тўғридан-тўғри ҳаво ташишларини амалга ошириб келмоқда. Ўтган йили Саудия томони Ҳажга бориш ниятида бўлган қозоғистонликлар учун 4000 квота ажратган эди. Беш фарздан бирини бажараётганларни ташишда Астана, Алмати, Чимкент ва Ақтаудан Мадина ва Жиддага 19 та рейс ташкил этилди», — деди вазир.


Бугунги кунда «SCАТ» авиакомпанияси Алмати ва Чимкентдан Мадина, Жидда шаҳарларига йил давомида ҳафтасига 1-2 марта мунтазам чартер рейсларини амалга оширмоқда. Бундан ташқари, бир қатор маҳаллий авиакомпаниялар 2022-2023 йиллар куз-қишки навигация мавсумида мунтазам йўловчи ташишни ташкил этишни режалаштирмоқда. Хусусан, «Аir Astana» Алмати-Мадина йўналишида, «Fly Аrystan» эса Ақтау-Мадина йўналиши бўйича ҳафтасига 2 марта мунтазам рейсларни амалга оширади.

Қозоғистон томони Саудия Арабистони фуқаро авиацияси бошқармаси раҳбарлари билан музокаралар олиб бормоқда. Шу муносабат билан жорий йилнинг 29 сентябр куни Канаданинг Монреал шаҳрида бўлиб ўтадиган ICАО ҳузуридаги Фуқаро авиацияси ташкилоти Халқаро ассамблеясининг 41-сессияси доирасида икки давлат ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Авиакомпаниялар томонидан йўловчи ташиш ҳажмини ҳафтасига 4 тадан 8 тагача ошириш режалаштирилган. Бу Қозоғистондаги «очиқ осмон» режими доирасида амалга оширилади.



Ўз навбатида Тавфиқ Фаузан Ал-Рабиа вазирга ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдириб, мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар очилиши ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади. Шунингдек, Саудия Арабистони авиакомпаниялари ҳам ҳаво транспортига қизиқиш билдиришини айтди.

«Сизнинг ташаббусингиз билан таклиф этилган давлатлар ўртасидаги ҳаво транспортини янада кўпайтириш, парвозлар географиясини кенгайтириш юзасидан икки мамлакат ҳаво маъмуриятлари вакиллари ўртасида олиб борилаётган муҳокамалар самарали натижалар бермоқда. Яқин келажакда тўғридан-тўғри ҳаво алоқалари қайта тикланади», - деди Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири.





Фото: gov.kz


Сўнгги хабарлар
telegram