Қозоғистон ва Россиянинг ўзи хоҳлаганича ва мустақил ривожланиш йўлини танлаши ҳар икки томонга халақит бермайди - Тоқаев
Қозоғистон ва Россиянинг ўзи хоҳлаганича ва мустақил тараққиёт йўлини танлаши ҳар икки томонга ҳам халақит бермайди. Бу ҳақда Ақордада Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказган Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Россия Президентининг Қозоғистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболларини белгилаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги икки томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда муваффақиятли ривожланмоқда.
“Икки давлатнинг ўзи хоҳлаганича ва мустақил тараққиёт йўлини танлаши ҳар икки томонга халақит бермайди, аксинча, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шериклик фойдасини оширади. Буни Қозоғистонда ҳам, Россияда ҳам яхши тушунади”, - деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегара икки давлат иқтисодиёти манфаати йўлида фаол ишлаётганига эътибор қаратди. Бунинг ҳақиқий самараларини чегарадош вилоятларда истиқомат қилаётган 25 миллионга яқин аҳоли ҳис қилмоқда.
“Асрлар давомида қўшни бўлиб яшаб келган ота-боболаримиз бизга дўстлик, ишонч ва аҳи қўшничилик муносабатларини ишониб топширган. Биз ана шу қадриятларни асраб-авайлашимиз, келажак авлодга етказишимиз керак”, - деди Президент.
Музокаралар давомида томонлар икки томонлама иқтисодий кун тартибининг асосий жиҳатларини атрофлича муҳокама қилдилар. Шунингдек, келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди ва соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, спорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор келишувларга эришилди.