Қозоғистон ва Россия Олтой ҳудудидаги чегара масаласи бўйича қарор қабул қилади
ASTANА. Кazinform - Россияда ҳукумат аъзолари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги Олтой ўлкасидаги чегара билан боғлиқ ҳал этилмаган масалани муҳокама қилди, деб хабар беради Россия президентининг расмий сайти.
Россия Федерацияси ҳукумати йиғилишида Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников нутқ сўзлади.
“Қозоғистон билан ҳали ҳал этилмаган масаламиз бор. Бу - Музтоғ тоғи. Биз халқаро ҳуқуқий шартномани имзолашимиз керак. Чунки ўша тоққа чиқиш учун Қозоғистон ҳудудини кесиб ўтиш керак, у ерда чегара режими ишлайди. Ҳудудимиз ҳам алоҳида назоратга олинган. Ҳозир қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан бу масала устида ишлаяпмиз”, — деди вазир.
Максим Решетников Олтойда туризм яхши ривожланаётганини айтди.
“Олтой, Тоғли Олтой бу йил айниқса яхши натижа кўрсатди, бунга йил давомида фаолият юритувчи Манжерок тоғ-чанғи курорти ижобий таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, Олтой ҳудудида «Бирюзовый катунь» деб номланувчи махсус иқтисодий зона мавжуд. Кўп объектлар бор. Ҳозир аэропорт қурилиши давом этмоқда. Бу мамлакатимиз харитасида янги ва жуда кучли нуқтадир. Умуман олганда, Олтой узоқ вақтдан бери жозибадор бўлиб келган, ҳозир у ерда қулай шароитлар яратилган ва у ўзига хос суръатда ривожланмоқда”, — деди вазир.
Россия президенти Владимир Путин чегарадаги масалани ҳал қилиш зарурлигини ва бунда Ташқи ишлар вазирлиги ваколатидан фойдаланиш яхшироқ эканини айтди.
Музтоғ - Олтой тоғлари ва Сибирнинг энг баланд нуқтаси. Шарқий Қозоғистон вилояти ва Олтой Республикасининг Усть-Коксинский тумани ҳудудида жойлашган.