Қозоғистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари Алматида музокара ўтказди
ALMATY. Кazinform - Алмати шаҳрида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустиннинг учрашуви бўлиб ўтди.

Музокаралар Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши арафасида бўлиб ўтди, дея хабар беради Ҳукумат матбуот хизмати.
Томонлар савдо, сармоя, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида давлатлараро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, Қозоғистон кўмирини Россия Федерацияси ҳудуди орқали ташиш, шунингдек, Қозоғистон ташувчиларининг Россияга кириши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Алихан Смаилов икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб бораётганини таъкидлади.
“Россия Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Ўтган йилнинг 11 ойида 24 миллиард долларга тенг бўлган товар айирбошлаш бунинг далилидир”, — деди у.
Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳудудлараро ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Бу борада Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми самарали платформа ҳисобланади.
“Аминманки, бу йил турли даражадаги ўзаро алоқалар ва қўшма тадбирлар кўп бўлади. Қозоғистон Ҳукумати барча соҳаларда тўлиқ форматли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр”, — деди Алихан Смаилов.
Михаил Мишустин анъанавий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Россия Қозоғистон билан ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга катта аҳамият беришини таъкидлади.
“Биз биргаликда саноат, машинасозлик, энергетика, нефть-кимё, транспорт инфратузилмаси, рақамли иқтисодиёт ва бошқа кўплаб соҳаларда йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Биз янги ишлаб чиқариш занжирларини қуришни жадаллаштиришни таклиф қиламиз. Бунинг учун Россия ва Қозоғистоннинг иқтисодий, саноат ва технологик салоҳиятининг ўзаро бир-бирини тўлдириши яхши асос бўлиб хизмат қилади”, — деди Россия Федерацияси Ҳукумати раиси.