Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
BAKU. Kazinform - Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчиси Алим Байел Озарбайжон Иқтисодиёт вазири Микоил Жабборов билан навбатдаги учрашув ўтказди, дея хабар беради Kazinform мухбири Серикбол Қошмағанбетов.

Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика ва энергетика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболини муҳокама қилдилар.
Қозоғистон ва Озарбайжон Давлат раҳбарларининг ўтган йилги ўзаро ташрифлари, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг Озарбайжонга расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга туртки бўлгани таъкидланди. Алим Байел мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ошиб бораётганини қайд этиб, ушбу тенденцияни сақлаб қолиш муҳимлигига эътибор қаратди.
Ўз навбатида, Микоил Жабборов Қозоғистон ва Озарбайжон иқтисодий алоқалар ва сиёсий ҳамкорликдан четда қолмаслиги кераклигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, у икки мамлакат ва бутун минтақа учун катта геоиқтисодий аҳамиятга эга бўлган қўшма лойиҳаларни юқори баҳолади.

Транскаспий халқаро транспорт йўлагида (ТХТЙ) инфратузилма ва логистика лойиҳаларини амалга ошириш, Қозоғистон нефтини Озарбайжон ҳудуди орқали транзит қилиш, Каспий денгизи остида оптик толали алоқа тармоғини қуриш, шунингдек, Каспий денгизи остидан чуқур денгиз электр кабелини ўтказишга эришилган келишувга алоҳида эътибор берилди.
Томонлар нафақат икки давлат, балки учинчи давлатларда ҳам қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Қозоғистон ғалласининг Озарбайжонга экспортини кўпайтириш, Озарбайжон мева-сабзавот маҳсулотларини Қозоғистонга етказиб беришдан манфаатдор эканини билдирди. Иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган янги ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.
Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий динамикаси давом этмоқда. 2023 йилнинг 11 ойи якунларига кўра, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоизга ошди. 2023 йилда Ўрта йўлак бўйлаб ташиш 2,76 миллион тоннадан ошди ва 65 фоизга ўсди. Бу ишни Президент Қ.К. Тоқаевнинг “Адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий йўналиши” Мурожаатномасида белгиланган вазифаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.