Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида яна 2 та янги ҳаво йўналиши очилади
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳаво қатновлари кенгайиб, яқин вақт ичида Ақтўбе ва Атирау шаҳарларидан Бокуга янги мунтазам авиарейслар очилади, деб хабар беради ҚР Транспорт вазирлиги.
Вазирлик маълумотларига кўра, халқаро ҳаво йўналишлари географиясини кенгайтириш ва мавжуд рейслар сонини ошириш ишлари давом этмоқда.
“Жорий йил 16 июндан бошлаб AZAL авиакомпанияси Чимкент — Боку йўналиши бўйича ҳафтасига 3 марта мунтазам рейсларни амалга ошира бошлади. Натижада Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳафталик авиарейслар сони 30 тадан 33 тагача ошди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, авиакомпания Ақтўбе — Боку йўналиши бўйича ҳафтасига 3 марта ва Атирау — Боку йўналиши бўйича ҳафтасига 4 марта мунтазам рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, янги йўналишларнинг ишга туширилиши Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий, ишбилармонлик ҳамда туристик ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини беради.