Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари Бокуда музокара ўтказди
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Бокуга амалий ташрифи доирасида Озарбайжон Президенти билан учрашди. Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар беради.

Қасим-Жомарт Тоқаев Илҳом Алиевга анъанавий меҳмондўстлиги ва БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастурининг (СПЕКА) биринчи саммитини ташкил этгани учун миннатдорлик билдириб, Бокуни “Каспий денгизи дурдонаси”, дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири деб атади.
Давлат раҳбари фурсатдан фойдаланиб, Илҳом Алиев ва Озарбайжон халқини халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолгани билан табриклади. Президент бу муҳим воқеа эканини таъкидлади.
“Бу Сизнинг давлатчиликни мустаҳкамлаш, халқингиз фаровонлигини юксалтириш, Бокунинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини оширишга қаратилган кучли етакчилигингиз, узоқни кўзлаган ва оқилона сиёсатингиз туфайли амалга ошди. Назаримда, бу, аслида, тарихий воқеадир”, - деди Президент.
Давлат раҳбари Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.
“Янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Орамизда жиддий муаммолар йўқ. Биз чинакам стратегик шерикмиз, ҳатто Каспий денгизининг икки қирғоғида яшовчи қўшнимиз. Стратегик муносабатларни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик ҳамкорлигини чуқурлаштириш тўҳрисидаги қўшма декларациянинг қабул қилиниши, Олий давлатлараро кенгашнинг ташкил этилиши Қозоғистон-Озарбайжон муносабатларини янги босқичга кўтарган тарихий воқеа бўлди. Мен ўзим билан тўлиқ делегацияни Бокуга олиб келдим. Чунки бугунги учрашувда биз Озарбайжон томони билан ҳақиқатан тўлиқ форматда, мазмунли музокаралар олиб боришимизга ишонаман. Бу ўзаро муносабатларга оид қатор масалалар юзасидан фикр алмашиш учун яхши имкониятдир”, - деди Давлат раҳбари.

Ўз навбатида, Озарбайжон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга СПЕКА саммитидаги иштироки учун миннатдорлик билдирди.
“Биз дўст, қардош ва ҳамкор давлатлармиз. Кейинги йилларда расмий ташрифлар доирасида икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари ва компаниялари ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб бораётганини яққол кўриш мумкин. Биз икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг энг юқори даражасига эришмоқдамиз. Бу мустақил давлат сифатида тараққиётимиз тарихидаги муҳим воқеа бўлиб, халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг руҳи ва характерига мос келади. Шундай бўлиши керак”, - деди Озарбайжон Президенти.
Илҳом Алиев Қозоғистон Президентига келгуси йили Озарбайжонга давлат ташрифи билан боришни таклиф қилди.
Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари Каспий денгизи туби бўйлаб оптик толали алоқа тармоғини ётқизиш, Қозоғистон нефтини Озарбайжон ҳудуди орқали ташиш ҳажмини ошириш, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, шунингдек, энергия ва қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш каби муҳим йўналишларда қўшма ишларни жонлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Қардош халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистонда Озарбайжон маданияти кунлари, Озарбайжонда эса Қозоғистон маданияти кунлари ташкил этилади.