Қозоғистон ва Миср қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника каби соҳаларда ҳамкорликни такомиллаштиради

ASTANA. Кazinform - Қозоғистон Парламенти Сенати спикери Маулен Ашимбаев Миср Сенати раиси Абдулваҳоб Абдулрозиқ Ҳасан бошчилигидаги мамлакат Парламенти делегацияси билан учрашди, деб хабар беради Сенат матбуот хизмати.

Ҳасан ва Ашимбаев
Фото: ҚР Парламенти Сенати

Унда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди ва икки мамлакат парламентлари палаталари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Маулен Ашимбаев меҳмонларга эҳтиром кўрсатиб, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани ва шу вақт ичида ўзаро муносабатлар сифати юқори даражага кўтарилганини таъкидлади. Шунингдек, у турли соҳаларда, жумладан, парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни самарали ривожлантиришга эътибор қаратди.

“Биз Миср билан парламентлараро ҳамкорликни юксак қадрлаймиз. Икки мамлакат парламентларида ўзаро мулоқотнинг муҳим механизми ҳисобланган дўстлик гуруҳлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Келгусида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун бундай гуруҳлар салоҳиятидан фойдаланишимиз керак. Шу билан бирга, дўстлик гуруҳлари аъзоларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, доимий комиссиялар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш жуда муҳим. Ташрифингиз мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшиши аниқ”, — деди Маулен Ашимбаев.

Суҳбат чоғида Сенат раиси Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Ўз навбатида, Абдулваҳоб Абдулрозиқ Ҳасан Қозоғистон Сенати раисига самарали учрашув учун миннатдорчилик билдириб, парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида биргаликда ишлашга тайёрлигини таъкидлади.

“Миср Парламентидаги ҳамкасбларим ва шахсан ўз номимдан Қозоғистон Парламентининг Қозоғистон-Миср ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги кенг кўламли фаолияти учун миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз. Мамлакатларимиз ўртасида ишончга асосланган мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро муносабатларимиз муҳим аҳамиятга эга. Бундай алоқа ҳамкорлигимизнинг барча йўналишларига ижобий таъсир кўрсатади. Келгусида парламентлараро алоқаларимизни мустаҳкамлаш, дўстлик гуруҳлари фаолиятига янги суръат бағишлаш, доимий комиссиялар ўртасидаги мулоқотни жонлантириш алоҳида аҳамият касб этади, деб ҳисоблайман. Буларнинг барчаси умумий мақсадларимизга эришиш ва қийинчиликларни биргаликда енгиш учун муҳим”, - деди Абдулваҳоб Абдулрозиқ Ҳасан.

Бундан ташқари, учрашувда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари Съезди фаолияти, шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Съезд Котибиятининг йиғилишига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди.

“Қозоғистон конструктив динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни шакллантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади. Шунга кўра, 2003 йилда давлатимиз Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари Съездини чақириш ташаббуси билан чиқди. Шу вақт ичида ушбу ташаббус тинчлик ва конфессиялараро мулоқотни ривожлантиришнинг муҳим халқаро платформасига айланди. 2022 йилда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII Съезди юқори савияда ўтди. Унда кўплаб таниқли диний етакчилар, жумладан Ал-Азҳар олий имоми шайх Аҳмад ат-Тойиб ҳам қатнашди. Биз Миср вакилларининг Съезд фаолиятидаги мунтазам иштироки ва унинг ишига қўшган салмоқли ҳиссаси учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Келгусида ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликдаги фаолиятимизни самарали давом эттирамиз, деб ўйлайман”, — деди Маулен Ашимбаев.

Учрашувда савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, суҳбатдошлар қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, таълим, туризм, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан икки давлат манфаатдор эканини таъкидладилар. Маулен Ашимбаев Қозоғистон ва Миср халқлари учун умумий бўлган тарихий шахс Бейбарис Султоннинг роли ҳақида ҳам гапирди. У ўз нутқида машҳур Султон масжидини қайта тиклаш бўйича қўшма лойиҳанинг муҳимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, тадбирда ҳудудларни ривожлантириш, қардош шаҳарларнинг ўрни ва келгусида бу борадаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича Қозоғистон ва Миср парламентлари сенатлари раислари ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Сўзга чиққанлар мазкур ҳужжат ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга янги суръат бахш этадиган қадам эканлигини таъкидладилар.

Сўнгги хабарлар