Қозоғистон ва Малайзия 350 миллион долларлик лойиҳалар бўйича шартнома имзолади

ASTANА. Кazinform – ҚР Ҳукумати раҳбари Олжас Бектенов ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим пойтахтда икки мамлакат ишбилармон доиралари ва илмий гуруҳлари вакиллари иштирокида Қозоғистон-Малайзия сармоявий давра суҳбати ўтказди.

Қозоғистон-Малайзия сармоявий давра суҳбати
Фото: primeminister.kz

Учрашувда иқтисодиётнинг устувор йўналишлари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қозоғистон Ҳукумати раҳбари, ўз навбатида, Малайзия мамлакатнинг Жануби-Шарқий Осиёдаги асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири эканини таъкидлади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир йил ичида 150 миллион доллардан қарийб 245 миллион долларга ошганини таъкидлаб, эндиги мақсад иқтисодиётларнинг мавжуд салоҳиятини очиш ва ўзаро савдо индексини пандемиягача бўлган 650 миллион доллардан ошириш эканини айтди.

“Давлатларимиз ўртасидаги кучли сиёсий мулоқот ўзаро шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Мамлакатимиз Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан кечаги учрашув икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим тарихий босқич бўлди. Қозоғистон Ҳукумати олий даражада эришилган барча келишувларни амалга оширишга тайёрлигини билдиради”, — деди Олжас Бектенов.

Олжас Бектенов
Фото: primeminister.kz

 

Олжас Бектенов Қозоғистоннинг Малайзияга экспортни диверсификация қилиш ниятини маълум қилди ва малайзиялик ишбилармонларни хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш саноати, молия, таълим, ер қаъридан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятларни биргаликда ўрганишга таклиф қилди. Бугунги кунда Қозоғистонда Малайзия сармояси иштирокидаги 48 та компания ишламоқда. Умумий қиймати 410 миллион доллардан ортиқ бўлган 17 та қўшма инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Анвар Иброҳим
Фото: primeminister.kz

 

Ўз навбатида, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим давлатлараро ҳаракатларнинг ижобий динамикасини қайд этди. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиздан ошди. Малайзия Қозоғистон билан туризм, таълим, энергетика, шунингдек, Қозоғистон ҳалол маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида. Бундан ташқари, салоҳияти юқори бўлган соҳаларда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчиларига Қозоғистонда мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб берилди. Инвесторларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилмоқда, консалтинг ва инфратузилмавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Қозоғистон-Малайзия сармоявий давра суҳбати
Фото: primeminister.kz

 

Давра суҳбати доирасида Қозоғистон ва Малайзия бизнес вакиллари аниқ музокаралар олиб борди. Малайзия Парламенти сенатори, Миллий тадбиркорлар ва саноат палатаси (NCCIM) президенти Лоу Киан Чуан Қозоғистон Малайзиянинг Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим ва энг йирик стратегик ҳамкори эканлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида сармоявий алоқаларни чуқурлаштириш ва янги бозорларни биргаликда ўзлаштириш бўйича келишувларга эришилди, умумий қиймати 350 миллион доллардан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзоланди. Исломий молия ва савдони ривожлантириш, шунингдек, озиқ-овқат, тоғ-кон саноатига сармоя киритиш, олтинни қайта ишлаш ҳамда трансформатор ва автомобиль мойларини биргаликда ишлаб чиқариш каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Битимларнинг амалга оширилиши икки давлатнинг муваффақиятли ҳамкорлигини кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлади.

Қозоғистон-Малайзия сармоявий давра суҳбати
Фото: Рrimeminister.kz
Қозоғистон-Малайзия сармоявий давра суҳбати
Фото: primeminister.kz

 

Сўнгги хабарлар