Қозоғистон ва Корея ўртасидаги дипломатик муносабатларга 30 йил тўлди
«Қозоғистонда яшовчи Корея фуқаролари ва ҳурматли маҳаллий корейс диаспораси вакиллари! Ҳурматли Қозоғистон фуқаролари, Корея ва Қозоғистонни севувчи азиз дўстлар ва ҳамкасблар! Барчангизни Корея Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман! Корея 1992 йил январ ойида Қозоғистон мустақилликка эришгандан сўнг биз биринчилар қаторида дипломатик муносабатлар ўрнатдик. Ўшандан бери Корея ва Қозоғистон доимо яқин дўст ва ишончли ҳамкор бўлиб келган. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин алмашувлар давом этиб, турли ютуқларга эришилди», — дейди элчи Ку Хонг Сок ўз табрикномасида.
Элчининг сўзларига кўра, Қозоғистон Корея ҳукумати томонидан амалга оширилаётган «Янги Шимолий сиёсат» иқтисодий ҳамкорлик ташаббусининг асосий ҳамкори ҳисобланади. Бугунги кунда Қозоғистон Корея учун Марказий Осиёдаги савдо ва сармоя бўйича етакчи давлат бўлса, Қозоғистон учун Корея тўртинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.
«Корея ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар, айниқса, умумий бўғин – корейс диаспораси туфайли янада ривожлантириш салоҳиятига эга деб ҳисоблайман. Бугунги кунда Қозоғистонда яшовчи 108 мингга яқин этник корейслар 1937 йилда Узоқ Шарқдан мажбуран депортация қилинган корейсларнинг авлодларидир. Қозоғистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган миллатлараро тотувлик сиёсати, ҳеч қандай камситишларсиз этник озчиликларнинг ривожланиши ва муваффақиятига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли корейс диаспораси вакиллари бугун Қозоғистон жамияти ҳаётида муҳим ўрин тутиб, фаол иштирок этмоқда.
Бу йил дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан икки давлат ҳукуматлари «Ўзаро маданий алмашинув йили» деб эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан 30 йил аввал, 1992 йил 28 январда Корея ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи