Қозоғистон ва Қирғизистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказмоқчи
ASTANA. Kazinform - ҚР Молия вазири Мади Такиев Қирғизистонга ташриф буюриб, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев билан икки томонлама учрашув ўтказди. Тадбирда Қозоғистон Республикасининг Қирғизистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рапил Жошибаев ҳам иштирок этди.

Томонлар 2024 йил апрель ойида Астана шаҳрида Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари томонидан имзоланган “Иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги шартнома” ҳамда “Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим”нинг ижросини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Мади Такиев Қозоғистон Қирғизистон Республикаси билан кўп режали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилаётганини таъкидлади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилда 1,5 миллиард АҚШ долларига етган. Бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.
“Ўйлайманки, Президентлар имзолаган ҳужжатлар Қозоғистон-Қирғизистон муносабатлари ривожига янги суръат бағишлайди. Бугун барча даражадаги фаол ва ишончли сиёсий мулоқот бунга хизмат қилмоқда. Мураккаб геосиёсий шароитларга қарамай, икки давлат айрим соҳаларда савдо алоқаларини сақлаб қолди ва мустаҳкамлади. Биз ҳам Қирғизистон каби яқин келажакда айланмани 2 миллиард долларга етказиш чораларини кўряпмиз”, — деди Қозоғистон Республикаси молия вазири.
Мади Такиев “Қордай” ва “Қорасу” назорат-ўтказиш пунктлари ҳамда мавжуд ахборот тизимлари фаолиятини кўздан кечирди.
Вазирга чегарани кесиб ўтишда назорат жараёнлари кўрсатилди, транспорт воситалари билан чегарадан ўтиш алгоритми аниқ кўрсатиб берилди.
“Қорасу” ўтказиш пункти орқали ўртача 500 га яқин, “Қордай” пункти орқали 300 та (5 тоннагача) юк автомобиллари ўтади. Чегарани кесиб ўтиш вақти тахминан 25-30 дақиқани ташкил этади.
Шунингдек, вазир ахборот тизимларининг функционал имкониятлари, хусусан, товарларни сотишда юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш имконини берувчи рискларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими билан ҳам танишди.
Умуман олганда, давлат даромадлари қўмитаси ЕОИИ мамлакатлари билан барча чегараларда товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлади, назорат пунктларида назорат чоралари ЕОИИ шартномаси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.