Қозоғистон ва Қирғизистон савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказмоқчи

ASTANA. Kazinform — Қирғизистонга расмий ташриф билан борган мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов Қозоғистон ва Қирғизистоннинг «Стратегик шерикликни ривожлантиришда минтақаларнинг ўрни» мавзусидаги II минтақалараро ҳамкорлик форумида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Kazinform агентлигининг Бишкекдаги махсус мухбири хабар беради.

Товарооборот Казахстана и Кыргызстана в 2025 году достиг $2,3 млрд
Фото: Правительство РК

Олжас Бектенов табрик нутқида Қозоғистон Қирғизистон билан стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлади.

“Президент Қасим-Жомарт Тоқаев раҳбарлигида барча мамлакатлар билан очиқ ва конструктив ҳамкорликка асосланган Адолатли ва Прогрессив Қозоғистонни барпо этиш йўлида изчил иш олиб бормоқдамиз. Бундай ёндашув иқтисодиётни мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва бизнес юритиш учун қулай шароит яратиш имконини беради. Ишончим комилки, бугунги форум давлатларимиз раҳбарлари томонидан белгиланган икки томонлама товар айланмасини 3 миллиард долларга етказиш вазифасини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшади”, — деди Қозоғистон Бош вазири.

Олжас Бектенов
Фото: Правительство РК

Шунингдек, Олжас Бектенов Қирғизистон Қозоғистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири эканини қайд этди.

“Ўтган йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 33 фоизга ошиб, 2,3 миллиард долларга етди. Бу икки томонлама алоқалар барқарор ривожланаётганини кўрсатади. 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида товар айланмаси яна 20 фоизга ошди. 2005 йилдан бери Қозоғистон компаниялари Қирғизистон иқтисодиётига қарийб 1,3 миллиард доллар инвестиция киритди. Қозоғистонда қирғиз капитали иштирокидаги 3,5 мингта корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шунингдек, Қирғизистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 400 га яқин компания иш олиб бормоқда”, — деди у.

Қозоғистон Бош вазирининг фикрича, икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик салоҳияти анча юқори.

“Қозоғистон қўшма лойиҳаларни янада кенгайтириш ва улар сонини кўпайтиришдан манфаатдор. Бу борада минтақалараро ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратилади”, — деди Бош вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектеновнинг расмий ташриф билан Қирғизистонга боргани ҳақида хабар берган эдик.

Шунингдек, Бишкекда Қозоғистон ва Қирғизистоннинг II минтақалараро форуми бошлангани ҳақида ҳам ёзган эдик.