Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари кичик таркибда музокара ўтказди
ASTANA. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев ва Садир Жапаров кичик таркибда музокара ўтказди. Давлат раҳбари Қирғизистон Президентининг ташрифи томонлар учун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақордага таяниб.

“Бугун биз қозоқ-қирғиз муносабатлари ривожига янги суръат бахш этадиган тарихий ҳужжат – Иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги шартномани имзолаяпмиз. Халқ ҳикматида шундай дейилади: «Қырғыз бен қазақтай бір-біріне жақын халық жоқ», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари Қозоғистон мисли кўрилмаган сув тошқини билан курашаётганини таъкидлаб, шундай оғир дамда инсонпарварлик ёрдами кўрсатган Қирғизистон Президентига ва бутун қирғиз халқига миннатдорлик билдирди.
Қасим-Жомарт Тоқаев икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Унинг фикрича, фаол сиёсий мулоқот, ҳукуматлараро ва парламентлараро яқин алоқалар алоҳида туртки бермоқда.
“Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлигимиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 миллиард долларга етди, яъни 26 фоизга ўсди. Бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз. Бу йўналишда ҳам бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Умуман олганда, савдо-иқтисодий соҳадаги келишувлар амалга оширилмоқда”, - деди у.
Музокаралар чоғида маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзаро маданият кунларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Таълим соҳасида ўзаро тажриба алмашамиз, ёшлар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Бугун биз Астана шаҳрида машҳур Манасга ҳайкал очамиз. Бу қозоқ-қирғиз муносабатларининг юксак даражасини тасдиқлайди, биз уларни янги босқичга кўтаришдан манфаатдормиз”, - деди Қозоғистон раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Садир Жапаровнинг анъанавий дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини юксак қадрлашини таъкидлади.

Қирғизистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирди.
“Қозоғистон бизнинг яқин қўшнимиз, қардош давлат ва асосий савдо ҳамкорларимиздан биридир. Қозоғистон ташқи сиёсатимизда устувор йўналиш ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва минтақавий фарқлар йўқ. Президентлик фаолиятимнинг илк кунлариданоқ халқаро тузилмалар ва Қирғизистон-Қозоғистон муносабатларини кенгайтириш билан боғлиқ масалаларда мени доимий қўллаб-қувватладингиз. Биз қардош қозоқ халқига сув тошқинлари оқибатларини бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз. Мамлакатларимизни кўп асрлик дўстлик, қардошлик, яхши қўшничилик, муштарак маданият, маънавият ва дин ришталари боғлаб туради. Ўзаро ҳамкорлигимиз ва стратегик шериклигимиз бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонаман”, — деди Садир Жапаров.
Бундан ташқари, музокаралар чоғида сиёсий, транспорт, транзит, энергетика соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Мминтақавий ва халқаро кун тартибини ҳам кўриб чиқдик.