Қозоғистон ва Қатар 17,6 миллиард долларлик сармоявий лойиҳаларни амалга оширишни бошлади

DOHA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов амалий ташриф билан Қатар Давлатига борди.

қатар
Фото: ҚР Ҳукумати

Доҳада Олжас Бектеновни Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний қабул қилди. Қозоғистон Республикаси Бош вазири Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда Қозоғистон-Қатар муносабатлари ҳамкорликнинг барча йўналишларида ва юқори суръатларда мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг жорий йил февраль ойида бўлиб ўтган музокаралари икки давлатнинг ҳамкорликни янги стратегик босқичга кўтаришга интилаётганини тасдиқлади.

қатар
Фото: ҚР Ҳукумати

Ташриф доирасида Олжас Бектенов Қатар Бош вазири – Ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдурраҳмон Ол Сони билан кичик ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди.

Ҳукуматлараро учрашувлардан кўзланган мақсад икки давлат раҳбарлари эришган келишувларнинг бориши, шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилишдан иборат.

“Қатар Қозоғистоннинг араб дунёсидаги муҳим иқтисодий ҳамкоридир. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қатарга ташрифи чоғида эришилган келишувлар сармоявий ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Биз 17,6 миллиард долларлик мисли кўрилмаган йирик ва стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш арафасида турибмиз”, – деди Олжас Бектенов.

Учрашувда Бош вазир Олжас Бектенов Қозоғистон Қатар бозорига ҳалол ва органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкор бўлишга тайёрлигини маълум қилди. Айни пайтда Қозоғистон корхоналари агросаноат комплекси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бошқа компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Ўз навбатида, Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада оширишдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун яхши сиёсий асос мавжуд. Аввалги ташриф чоғида давлатларимиз раҳбарлари ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтариш, қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирган эди. Бугунги учрашув эришилган келишувларни юқори савияда амалга ошириш имконини беради. Ўз навбатида, биз икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришнинг янги йўналишларини ўрганишга тайёрмиз”, – деди Шайх Муҳаммад бин Абдурраҳмон Ол Соний.

Бундан ташқари, томонлар маданият ва таълим, фуқаро авиацияси ва туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

дипломатия
Фото: ҚР Ҳукумати

Ҳукумат раҳбарлари Олжас Бектенов ва Шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Сони шартнома имзоланиши кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Сўнгги хабарлар