Қозоғистон ва Камбоджа энергетика ҳамда электрон ҳукумат соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Камбоджа энергетика соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда электрон ҳукумат йўналишида тажриба алмашиш ниятида. Бу ҳақда Камбоджа Бош вазири Хун Манет Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашувда маълум қилди.
Камбоджа Бош вазири Қозоғистонга таклиф этгани учун Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорлик билдириб, икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йилдан ошганини таъкидлади.
“Бугун энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш имконияти пайдо бўлди, деб ўйлайман. Идораларимизга ўзаро манфаатли йўналишларни аниқлаш вазифасини топширишимиз мумкин. Қозоғистон электрон ҳукумат соҳасида сезиларли муваффақиятларга эришган ва илғор ишланмаларга эга. Вазирликларимиз ушбу соҳада тажриба алмашишдан манфаатдор”, — деди Хун Манет.
Учрашув давомида томонлар сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий алоқаларни ҳамда кўп томонлама майдонлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Қайд этиш жоизки, 2026 йил январь-август ойларида Қозоғистон ва Камбоджа ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 29,4 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 фоизга кўп.
Қозоғистонга Камбоджадан асосан тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари, пойабзал ҳамда айрим истеъмол товарлари етказиб берилади. Қозоғистон эса Камбоджага асосан назорат-ўлчов асбобларини экспорт қилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Ақордада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Камбоджа Қироллиги Бош вазири Хун Манетни кутиб олди.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва Камбоджа Бош вазири Хун Манет кичик форматда музокаралар ўтказдилар.