Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 31,5 миллиард долларга етди

ASTANА. Кazinform - Бош вазир Олжас Бектенов Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Чжан Сяо билан давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг боришини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 31,5 миллиард долларга етди
Фото: Ҳукумат матбуот хизмати

Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, 31,5 миллиард долларга етди. 2023 йилнинг 9 ойида ХХРнинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган сармоялари миқдори қарийб 1,4 миллиард долларни ташкил этди.

Айни пайтда қўшма Қозоғистон-Хитой инвестициялари ҳажми 14,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 45 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 2 ойида контейнер ташувлари ҳажми 2,6 баробар ошди. Шунингдек, савдо алоқаларининг мавжуд салоҳияти савдони янада диверсификация қилиш ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари мавжудлигини кўрсатмоқда.

Музокаралар чоғида ўзаро савдодаги чекловларни олиб ташлаш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакат Хитой бозорига юқори даражада қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтиришга тайёрлиги айтилди.

Шунингдек, “Бақти-Тачэн” янги темир йўл вокзалини қуриш, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши салоҳиятини кенгайтириш ва минтақавий интеграцияни ривожлантириш бўйича транзит ва транспорт соҳасида амалга оширилаётган қадамлар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, йўловчи қатновларини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистон Ҳукумати раҳбари Қозоғистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.

“Қозоғистон-Хитой қўшма лойиҳалари бозорда харидоргир бўлган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган юқори технологияли корхоналарни яратиш имконини беради. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 3 минг қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бу икки давлат ишбилармон доиралари ҳамкорлиги барқарорлиги ва унумдорлигини кўрсатади”, — деди Олжас Бектенов.

Ўз навбатида, ХХРнинг Қозоғистон Республикасидаги Элчиси икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш учун туртки юқори эканлигини тасдиқлади.

“Бугун икки давлат ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда яхши ривожланмоқда. Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Хитойга ташрифлари икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш ва ривожлантиришга катта туртки бўлди. Биз Қозоғистон Президенти томонидан эълон қилинган кенг кўламли иқтисодий ўзгаришлар дастурини юқори баҳолаймиз. 2029 йилгача Қозоғистон ялпи ички маҳсулотини икки баравар ошириш каби юксак мақсадга эришиш мумкин, деб ҳисоблаймиз”, — деди Чжан Сяо.

Учрашув якунларига кўра, Олжас Бектенов ва Чжан Сяо Қозоғистон ва Хитой ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ишини кучайтиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Сўнгги хабарлар