Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги агросаноат мажмуаси маҳсулотлари айланмаси жорий йилнинг биринчи чорагида 6 фоизга ошди

ASTANА. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектеновнинг Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазирининг ўринбосари Лю Гочжун билан учрашувида ўзаро савдо ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг жадал суръатлари қайд этилди ва икки мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги агросаноат мажмуаси маҳсулотлари айланмаси жорий йилнинг биринчи чорагида 6 фоизга ошди
Фото: primeminister.kz

ҚР Ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳукуматлар олдига товар айланмасини 100 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бир йил давомида агросаноат мажмуаси маҳсулотлари айланмаси 1,7 баробар, жорий йилнинг биринчи чорагида эса бу кўрсаткич яна 6 фоизга ошди. Шу билан бирга, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Хитойга экспорти бир йил ичида 84 фоизга ошди.

Олжас Бектенов Қозоғистон Хитой бозорига органик ва экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини таъкидлади. Хитой томонидан Қозоғистон гўшти ва паррандачилик маҳсулотлари импортига қўйилган чекловларнинг босқичма-босқич бекор қилиниши бунга ижобий туртки беради. Агросаноат мажмуаси соҳасида чуқур қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни яратиш устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Лю Гочжун ХХР сунъий интеллект, электрон тижорат, сунъий йўлдош алоқаси ва “яшил” энергетикани ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни ошириш ниятини билдирди.

Муҳокама чоғида транзит ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик, янги динамик инвестиция лойиҳалари (бугунги кунда умумий қиймати 14,5 миллиард доллар бўлган 45 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда) орқали саноат-инвестиция кооперациясини кенгайтириш, шунингдек, минтақалараро ва маданий-гуманитар муносабатларга эътибор қаратилди. “Қозоғистоннинг Хитойдаги туризм йили” доирасидаги тадбирлар ҳар икки давлатнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича Қозоғистон-Хитой ҳукуматлараро музокаралари соҳавий даражада давом этмоқда.

Сўнгги хабарлар