Қозоғистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмаси уч баробар ошди

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашўкеев Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форумда иштирок этди, деб хабар беради Kazinform ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига таяниб.
None

Форум агро-озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш ва мавжуд тенденциялар доирасида минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро муносабатни яхшилаш учун мўлжалланган. Бизнес-форумда Қозоғистон ва Хитойнинг етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.

ҚХВ раҳбарининг сўзларига кўра, Хитой қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик экспортчиси бўлиб, илғор қишлоқ хўжалиги технологияларига эга. Бугунги кунда бу борада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган салмоқли салоҳият мавжуд.

Ербол Қарашўкеев жорий йилнинг май ойида Давлат раҳбарининг ХХРга ташрифи доирасида ловия ва ясмиқ, кунгабоқар уруғлари, соя, сафор ва зиғир уруғлари, шунингдек, балиқ маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 3 та протокол имзоланганини эслатди. Бу Қозоғистоннинг чорвачилик ва ўсимликчилик маҳсулотларини ХХРга экспорт қилишни кўпайтириш имконини беради. Эслатиб ўтамиз, январдан июнгача бўлган даврда Қозоғистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмаси 73 фоизга ошиб, 578,5 миллион долларни ташкил этган.

Ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапирар экан, Ербол Қарашўкеев Қозоғистон томонининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқишдан манфаатдорлигини таъкидлади ва Хитой компанияларини Агросаноат комплекси (АК) соҳасида қўшма корхоналарни амалга оширишга таклиф этди.

Шунингдек, ХХРга ташрифи доирасида Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Хитойнинг тўртта йирик ассоциацияси АКда ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олди. Тегишли меморандумни Хитой қишлоқ хўжалиги техникаси савдоси ассоциацияси, пестицидлар саноати уюшмаси, аралаш фосфорли ўғитлар саноати уюшмаси, уруғчилик уюшмаси вакиллари ҳамда Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари имзолади. Томонлар қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорлик масалалари бўйича қўшма доимий орган механизмини ташкил этиш ниятида.

Сўнгги хабарлар