Қозоғистон ва Хитой Манғистау вилоятида электр станциясини қуради

ASTANA. Kazinform – «KAZAKH INVEST» МК» АЖ бошқаруви раиси Ержан Елекеев Манғистау вилоятидаги электр энергияси тақчиллиги муаммосини қандай ҳал қилиш режасини маълум қилди.

 Ержан Елекеев
Фото: Солтан Жексенбеков/Kazinform

Унинг эслатишича, бир неча йил аввал Манғистау вилоятида электр энергияси узилиши муаммоси юзага келган. 2023 йилда минтақада электр энергияси ишлаб чиқаришни барқарорлаштириш мақсадида Kazakh Invest Хитойнинг China Huadian Corporation компанияси билан музокараларни бошлади. Натижада Манғистау вилоятида буғ-газли станция қуриш режалаштирилган. Иккинчи босқичда шамол электр станциясини ишга тушириш бошланади.

“Бу икки тизим бир-бирига боғланган бўлади. Асосий электр энергияси шамолдан олинади. Аммо иқлим ўзгаргариб туриши мумкин, ўша пайтда буғ-газли станцияси ишга тушади. Шундай қилиб, буғ-газли станция тегишли муддатда ишлайди”, – деди Е. Елекеев Қозоғистон-Хитой ишбилармонлар кенгашида журналистлар саволларига жавоб берар экан.

Қурилишга тайёргарлик 2024 йилда бошланган. Лойиҳа 2025 йил охири ёки 2026 йил бошида фойдаланишга топширилади. Лойиҳада Қозоғистондан “МАЭК” МЧЖ, Хитойдан эса Хитойнинг China Huadian Corporation шоъба корхоналаридан бири иштирок этмоқда. Қурилиш кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Кредит Хитойнинг давлат банкларидан бири томонидан 15-25 йил муддатга 5 фоиздан паст ставкада берилади.

Бироқ, молиялаштиришнинг аниқ миқдори ҳали эълон қилинмаган. Қарзни қайтариш тариф ҳисобига амалга оширилади.

“Келгусида бундай лойиҳаларни албатта кўрамиз. Энди уни пилот режимда ишга тушириш жуда муҳим. Юқорида айтганимдек, бу инновацион лойиҳа. Шунинг учун биз уни тажриба режимида электр энергияси муаммоси ўта кескин бўлган Манғистау вилоятида бошладик”, – деди Ержан Елекеев.

Сўнгги хабарлар