Қозоғистон ва Франция президентлари кичик таркибда музокара ўтказди

Макрон ва Тоқаев
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Франция Президенти Эммануэль Макрон билан Ақордада музокара ўтказди, дея хабар беради Каzinform.

Учрашув олдидан Қасим-Жомарт Тоқаев ва Эммануэль Макрон расмий делегация аъзоларини бир-бирлари билан таништирдилар. Фахрий қоровул бошлиғи давлат раҳбарларига рапорт берди, ҳар икки давлат мадҳиялари янгради. Кейин президентлар кичик таркибда музокаралар ўтказиш учун Шарқий залга боришди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Эммануэль Макронга эҳтиром кўрсатди ва уни самимий кутиб олди.

– Жаноб Президент, бугун биз учун катта воқеа. Барчамиз ташрифингизни маъқул кўрамиз. Таклифимни қабул қилиб, Қозоғистонга расмий ташриф билан келганингиз учун ташаккур. Қозоғистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик яхши ривожланмоқда. Бироқ икки томонлама муносабатларга янги туртки бериш керак. Шундай экан, ташрифингиз тарихий ва жуда муҳим, дейиш мумкин. Ишончим комилки, бугунги музокаралар самарали бўлади. Бунга шубҳам йўқ, - деди Президент.

Давлат раҳбари Франция Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий ва ишончли ҳамкори, шунингдек, мамлакат иқтисодиётига энг йирик инвесторлардан бири эканини таъкидлади.

Ўз навбатида Эммануэль Макрон Қозоғистон ва Франция муносабатларини юқори баҳолади.

– Жаноб Президент, мени расмий ташриф билан таклиф қилганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Астанага келганимдан ва Сиз билан учрашганимдан хурсандман. Ушбу ташрифни ташкил қилганингиз учун ташаккур. Ушбу ташриф икки томонлама ҳамкорлигимиз учун муҳим йилга тўғри келмоқда. Бугун биз долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашишимиз ва БМТ Низомига, жумладан, ҳудудий яхлитлик ва миллий мустақиллик тамойилларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлашимиз мумкин. Икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қиламиз. Биз иқтисодий жиҳатдан ҳамкор давлатлармиз. Шунингдек, Қозоғистон ва Франция ўртасидаги иқтисодий ва стратегик шериклигимизни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим шартномаларни имзолаймиз. Сиз билан учрашиш ва умумий кун тартибини муҳокама қилиш имконига эга бўлганимдан хурсандман, - деди Франция Президенти.

Давлат раҳбарлари Қозоғистон-Франция стратегик шериклигининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Эммануэль Макрон халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Икки томонлама учрашувдан кейин давлат раҳбарлари музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Сўнгги хабарлар
telegram