Қозоғистон ва Эрон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш ниятида
Теҳронда Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 19-мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар беради Кazinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Серик Жуманғарин ва Эрон қишлоқ хўжалиги вазири Муҳаммад Али Некбахт ҳамраисилик қилган тадбирда икки мамлакат вазирликлари ва давлат корхоналари вакиллари иштирок этди.
Ҳукуматлараро комиссия мажлисида томонлар савдо, қишлоқ хўжалиги, логистика, энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда давлатлараро муносабатлар муваффақиятли ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Серик Жуманғарин икки давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини уч миллиардга етказиш вазифасини қўйганлигини эслатди.
“Бу вазифани бажаришда биринчи қадам ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш бўйича чора-тадбирлар режасини имзолаш бўлади. Ҳужжат экспорт қилувчи корхоналарни бир неча йўналишда қўллаб-қувватлашни кўзда тутади: ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, савдо чекловларини олиб ташлаш, икки томонлама клиринг механизмини жорий этиш ва ҳоказо, - деди Бош вазир ўринбосари.
Шунингдек, у Қозоғистон компаниялари Эрон бозорига нохомашё маҳсулотларни доимий экспорт қилишни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини айтди.
Ишлаб чиқарувчилар эронлик харидорларга умумий қиймати қарийб 250 миллион долларлик 75 номдаги маҳсулотларни етказиб беришга тайёр.
Шу билан бирга, учрашув чоғида Серик Жуманғарин ЕОИИга аъзо давлатлар ва Эрон ўртасида эркин савдо тўғрисида кенг қамровли битим тузишда мамлакатлар эришган ютуқларга ижобий баҳо берди.
Эрон қишлоқ хўжалиги вазири Муҳаммад Али Некбахтнинг сўзларига кўра, Эрон корхоналари Қозоғистонга балиқ ва сут маҳсулотлари, асал, мева-сабзавот, қуритилган мевалар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни ташкил қилиши мумкин.
Шунингдек, Эрон томони Қозоғистон сармоясига қизиқиш билдирган. Теҳрон Қозоғистон инвесторларига Эроннинг эркин иқтисодий зоналарида бизнес юритишлари учун махсус шарт-шароитлар яратишга тайёр.
Бундан ташқари, Ҳукуматлараро комиссия доирасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Хусусан, “Шимол-Жануб” халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Каспий туташуви бу йўналишдаги асосий бўғинга айланиши мумкин.
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Теҳронга амалий ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги, уй-жой коммунал хўжалиги, сармоя, кон-металлургия саноати, саноат ва транспорт соҳаларидаги етакчи Эрон ишбилармонлари билан учрашди.
Ялпи мажлис якунида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Серик Жуманғарин ва Эрон қишлоқ хўжалиги вазири Муҳаммад Али Некбахт Қозоғистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги 19-қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг баённомасини ҳамда товар айирбошлаш ҳажмини 3 млрд долларга ошириш бўйича ҳаракатлар режасини имзоладилар.
Бундан ташқари, ҳукуматлараро комиссия хулосасига кўра, қишлоқ хўжалиги ва метрология соҳаларига оид ҳужжатлар имзоланди:
Қозоғистон ва Эрон қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида ветеринария соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум.
Қозоғистон стандартлаштириш ва метрология институти ва Эрон Миллий стандартлаштириш ташкилоти Миллий метрология маркази ўртасида метрология соҳасида ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум.
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Теҳронга амалий ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги, савдо, сармоя, УКХ, саноат ва транспорт соҳаларидаги етакчи Эрон ишбилармонлари билан учрашди.