Қозоғистон ва Чехия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг савдо айланмаси 12 млн долларга етди
Қозоғистон ва Чехия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмаси жорий йилда 40 фоизга ўсиб, 12 млн долларга етди. Икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари Айдарбек Сапаров ва Марек Виборни, шунингдек, Чехия Республикасининг Қозоғистондаги элчиси Павол Шепеляк қишлоқ хўжалиги соҳасида алоқаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди. Чехия делегацияси Қозоғистон-Чехия бизнес-форумида иштирок этиш учун Астанага етиб келди, дея хабар беради Kazinform агентлиги ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Айдарбек Сапаров делегацияга қишлоқ хўжалиги соҳасида лойиҳаларни кредитлаш дастури ҳақида сўзлаб берди, унга кўра Қозоғистонда сут фермалари ва парранда гўшти заводларини қуриш ва модернизация қилиш молиялаштирилади.
– Чехия сут ва гўшт етиштириш бўйича юқори кўрсаткичга эришди, шунингдек, инкубация бройлер тухумлари етиштириш дастури ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шу боис Қозоғистон томони Чехия наслли қорамол ва паррандачилик материалини импорт қилишда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилмоқда”, - деди Айдарбек Сапаров.
Сўнгги бир неча йил ичида Қозоғистонга симментал ва голштейн зотли 10 минг бошдан ортиқ чех зотли қорамоллари олиб келинган. Бундан ташқари, жорий йилда маҳаллий паррандачилар Чехия Республикасидан қарийб 8,8 миллион дона бройлер тухумлари харид қилди.
Вазирлар алоҳида эътиборни агросаноат мажмуасини технологик қайта жиҳозлаш масаласига қаратдилар. Айдарбек Сапаров Қозоғистон Президентининг қишлоқ хўжалиги техникасини янгилашни йилига 8-10 фоизга етказиш ҳақидаги фармойиши ҳақида гапирди. Машина-трактор паркини тўлдириш суръатларини диверсификация қилиш учун фермерларга техника сотиб олиш учун харажатлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари субсидияланади.
– Чехиянинг «Зетор тракторс» дистрибутори АЖ Қозоғистонда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришдан манфаатдор. Мен компанияларга мамлакатимизда тегишли корхоналар очиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қиламан. Бу давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган амалдаги чора-тадбирлар ҳисобига савдо ҳажмини ошириш ва ускуналар таннархини пасайтириш имконини беради”, — дея қўшимча қилди Айдарбек Сапаров.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари Лисаковскда ғалла ўриш комбайнлари учун тиркамали ва ўрнатилган каллаклар ишлаб чиқарувчи корхона очган канадалик ишбилармонларнинг муваффақиятли тажрибасини мисол қилиб келтирди. Европанинг CLAAS Gmh (Германия), SDF Group (Италия), PÖTTINGER Landtechnik GmbH (Австрия) ва HORSCH (Германия) каби йирик ишлаб чиқарувчилари ҳам шу йўлдан борган.