Қозоғистон ва Буюк Британия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқчи

ASTANA. Кazinform - Вазир Айдарбек Сапаров Буюк Британиянинг Қозоғистондаги Элчиси Кэти Лич билан учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради.

Қозоғистон ва Буюк Британия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқчи
Фото: ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Вазир агросаноат мажмуаси соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

“Биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, яъни дон, қандолат ва ун маҳсулотлари, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, ўсимлик ёғи ва бошқалар экспортини оширишдан манфаатдормиз, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, унинг тузилмасини такомиллаштириш, етказиб бериладиган товарлар номенклатурасини кенгайтириш бўйича ишларни жонлантиришни тавсия қиламиз”, — деди Айдарбек Сапаров.

Томонлар Буюк Британияга сут ва гўшт маҳсулотлари, жумладан, йилқи маҳсулотлари етказиб беришда ветеринария-санитария талабларини мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Қозоғистон ва Буюк Британия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқчи
Фото: ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

 

“Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажрибага эга эканини инобатга олиб, биз сиз билан ҳамкорликни чуқурлаштириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилмоқчимиз. Жорий йилда сизларни ғалладан мўл ҳосил кутиб турибди, чорвачилик ҳам ривожланмоқда. Шу билан бирга, бизда ҳамкорлик қилиш учун жуда кўп сабаблар бор”, — деди Кэти Лич ўз навбатида.

Қозоғистон томони, шунингдек, аграр фан, хусусан, қўй ва йилқичиликда селекция-генетик ишлар, технологиялар трансфери, мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш истаги бор.

Учрашув якунлари бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва босқичлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш чора-тадбирларини белгиловчи “Йўл харитаси”ни имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Сўнгги хабарлар