Қозоғистон ва Бельгия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 523 миллион доллардан ошди
ALMATY. Kazinform – Алмати шаҳрида “Қозоғистон-Бельгия” ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши бошланди. Тадбирда Қозоғистоннинг қатор давлат органлари вакиллари, квазидавлат ва хусусий хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарияти ҳамда Бельгиянинг 20 дан ортиқ компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.

«Бенилюкс» Савдо-саноат палатаси бош директори Ануар Қуржиқаевнинг сўзларига кўра, Бельгия Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий савдо ҳамкори ҳисобланади.
2023 йил охирига келиб Қозоғистон ва Бельгия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 523,7 миллион долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга кўпдир. Бельгия бозорига Қозоғистон маҳсулоти экспорти 220,7 миллион долларни, Бельгиядан импорт 303 миллион долларни ташкил этди.
“Ўтган йили Бельгиядан Қозоғистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 1,006 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2013 йилдан 2023 йилнинг биринчи чорагигача тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 10,2 миллиард доллардан ошди. Шундай қилиб, Бельгия Қозоғистон иқтисодиётига йирик сармоядорлар рўйхатида 6-ўринни эгаллаб турибди”, – дейди Ануар Қуржиқаев.

Бугунги кунда Қозоғистонда Бельгиянинг 70 компанияси ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон-Бельгия ишбилармонлар кенгаши Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2021 йилда Бельгия Қироллигига ташрифи чоғида ташкил этилган эди.