Қозоғистон ва Беларусь мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар
ASTANA. Kazinform – Беларусь Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбари генерал-лейтенант Виктор Хренин расмий ташриф билан Қозоғистон пойтахтига келди.

Анъанага кўра, хориждан келган меҳмон “Ватан ҳимоячилари” монументи пойига гул қўйиш маросимида иштирок этди. Мудофаа вазирлигида беларуслик ҳамкасбини Қозоғистон мудофаа вазири генерал-полковник Руслан Жақсилиқов кутиб олди.
Жорий йилда Беларусь Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш тартиб-таомилларини якунлади. Шу муносабат билан Қозоғистон мудофаа вазири Беларуснинг тўлақонли аъзо мақоми ташкилотга сифат жиҳатидан янги туртки беришига ишонч билдирди.

Учрашувда генерал-полковник Руслан Жақсилиқов ва генерал-лейтенант Виктор Хренин ҳарбий тайёргарлик, қўшма машғулотлар, ҳарбий спорт мусобақаларини ўтказиш масалаларига эътибор қаратди.
“Қозоғистон Беларусь Республикаси билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият беради. МДҲ, КХШТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида Қозоғистон ва Беларусь мудофаа ва хавфсизлик масалалари билан фаол шуғулланади. Мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг бундай тури Қозоғистон ва Беларусь ўртасидаги ишонч ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади”, – деди генерал-полковник Р. Жақсилиқов.
Томонлар фикрича, ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири ҳарбий таълимдир. Қозоғистонлик офицер ва курсантлар Беларусь ҳарбий олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Тез орада Беларусь Республикаси Ҳарбий академиясида Қозоғистон Республикаси Ҳарбий санъат аудиторияси очилади.

Мудофаа вазири, генерал-полковник Руслан Жақсилиқов ўз ҳамкасбига Беларусь суворовчилари илк бор иштирок этадиган “Айбин” Х Халқаро ҳарбий-ватанпарвар ёшлар йиғинини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Мудофаа вазирлари икки томонлама ҳамкорлик режасини амалга оширишнинг юқори суръатларини қайд этиб, Қозоғистон ва Беларусь қуролли кучларининг ҳарбий аэропортларида ҳарбий самолётларни қабул қилишни ташкил этиш, аэропорт-техник таъминот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича келишув имзоладилар. Ташриф доирасида Виктор Хренин Қозоғистон Республикаси Миллий мудофаа университетига ташриф буюрди. У ерда олий таълим муассасасининг ўқув-моддий базаси билан танишди, Беларусь ҳарбий-бадиий аудиториясига ташриф буюрди.
