Қозоғистон ва Арманистон президентлари музокаралар ўтказди
ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари Арманистон Президентига эҳтиром кўрсатиб, мамлакат Қозоғистон-Арманистон ҳамкорлигини мутлақо янги босқичга кўтаришдан манфаатдор эканини таъкидлади, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
– Бугунги келишувлар ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлайман. Биз Қозоғистон-Арманистон ҳамкорлигининг асоси бўлган олий даражадаги учрашувларимизга алоҳида эътибор қаратамиз. Қозоғистон Арманистон билан дўстона муносабатларни юксак қадрлайди. Қозоқ эли арман халқига алоҳида қизиқиш билдиради. Арманистон мамлакатимизнинг ишончли ва вақт синовидан ўтган яқин ҳамкоридир. Халқларимизни мустаҳкам дўстлик, умумий тарих ва ўхшаш маданий-гуманитар қадриятлар боғлаб туради. Икки томонлама муносабатлар барча соҳаларда жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидламоқчиман, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари бу йил Қозоғистон ва Арманистон ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 25 йил тўлаётганини, бу даврда кенг кўламли институционал база шаклланганини таъкидлади.
– Икки халқ ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликдан ташқари, маданий-гуманитар алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Ўтган йили Ереванда Қозоқ театрининг Арманистондаги кунлари бўлиб ўтди. Келгуси йилда юртингизда қозоқ маданияти ўн кунлигини ташкил этиш режалаштирилган. Бугун сизлар билан биргаликда Қозоғистонда Арманистон маданият кунларининг очилиш маросимида иштирок этамиз, – деди Қозоғистон Президенти.
Ваагн Хачатурян Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдириб, Қозоғистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.
– Муқаддас қозоқ заминига келганимдан хурсандман. Қозоғистоннинг ривожланиш суръатлари ва фаровонлиги мени ҳайратда қолдирди. Икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар узоқ йиллар давом этишига ишонаман. Чунки унинг тарихий илдизлари чуқурдир. Қозоғистон бизнинг ишончли ва дўстона ҳамкоримиз. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар муваффақиятли ривожланиб бораётганини таъкидламоқчиман, – деди Арманистон Президенти.
Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, молия, маданий-гуманитар ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон томони Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик келишувига эришиш учун келажакда Алмати майдонини таклиф қилишга тайёрлигини тасдиқлади.
Бундан олдин Ақордада Арманистон Президентини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.