Қозоғистон Ўзбекистонга ҳар ой 20-30 тонна чой етказиб беради

Чой
Фото: Pixabay

ASTANА. Кazinform — Астанада бўлиб ўтган Қозоғистон-Ўзбекистон бизнес-форумида 43,5 миллион долларлик ҳужжат имзоланди. Тадбирда ҳар икки томондан 400 дан ортиқ киши иштирок этди.

Форум доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ишбилармонларининг В2В форматида икки томонлама учрашувлари ўтказилиб, агросаноат мажмуаси, савдо, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Бизнес-форум доирасида лифт саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Қозоғистон Лифтлар миллий ассоциацияси президенти Ержан Игибаевнинг айтишича, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан қўшма корхона очишга келишиб олишган.

“Форум доирасида биз ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоладик, унда лифт ишлаб чиқариш бўйича Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонасини ташкил этиш назарда тутилган. Шунингдек, биз Қозоғистон лифт паркини диагностика қилиш бўйича диспетчерлик марказини яратиш ва лифтлар соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини оширадиган ягона стандартлар ва техник регламентларни ишлаб чиқишга келишиб олдик”, — деди у.

Ўзбекистонлик тадбиркор, “Технопарк” МЧЖ бош директори Сарвар Аҳадов лифт ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.

“Биз Европа стандарти бўйича лифтлар ва диспетчерлик тизимлари ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашишдан мамнунмиз. Тез орада ишлаб чиқаришни бошлаш учун ҳажм ва майдонни аниқлаймиз. Бугун Қозоғистонда газ ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва лифтларни ишлаб чиқариш бўйича иккита шартнома имзоладик. Бу лойиҳаларни 18 ойда амалга ошириш режалаштирилган”, – дейди Сарвар Аҳадов.

Қўшни давлатни чой билан таъминлаш ҳам режалаштирилган.

Қозоғистоннинг Unitea чой фабрикаси Ўзбекистондаги энг йирик “Корзинка” савдо тармоғи билан ойига 20-30 тонна чой етказиб бериш бўйича меморандум имзолади.

Бугунги кунда компания ўз бизнесини ташқи бозорларда, жумладан, Россия, Хитой ва Қирғизистонда олиб бормоқда.

2023 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,4 миллиард АҚШ долларига етди.

Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири бўлиб қолмоқда.

2023 йил якунларига кўра у 7-ўринда ва Қозоғистоннинг Марказий Осиё билан савдо айланмасининг 57 фоиздан ортиғи мазкур давлатга тегишли.

Сўнгги хабарлар
telegram