Қозоғистон-Ўзбекистон минтақалараро ҳамкорлик форуми Етакчи минтақалар кенгашига айланади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон-Ўзбекистон минтақалараро ҳамкорлик форуми Етакчи минтақалар кенгашига айланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ақордада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бугун Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу формат давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг энг юксак кўриниши сифатида қаралиб, мамлакатларимиз ва халқларимиз яқинлигини, ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишимиз ва жасоратимизни кўрсатади. Келгусида парламентларимиз ҳар икки палаталари иштирокида Парламентлараро форум ташкил этиш масаласини ҳам кўриб чиқдик. Биз муносабатларимизнинг яна бир янги институти – Ташқи ишлар вазирлари кенгашини ташкил этишга қарор қилдик”, – деди Ўзбекистон Президенти.
Унга кўра, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масаласи ишлаб чиқилди.
“Энг муҳим йўналишлардан бири – биз ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича бошланган улкан ишларни янада жонлантиришга келишиб олдик. Шу мақсадда мавжуд ҳудудлараро ҳамкорлик форумини барча ҳудудларимиз иштирок этадиган етакчи ҳудудлар кенгашига айлантириш ташаббуси билан чиқдик”, – деди Шавкат Мирзиёев.